Ўтган йилнинг октябрь ойида пойтахтимизда ўтказилган “Россия-Ўзбекистон таълим форуми”да Костичев номидаги Рязань давлат агротехнология университети ва Наманган муҳандислик-технология институти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди.

Мазкур ҳамкорлик шартномасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш ҳамда институт профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талабалар учун мастер-класс ва дарс машғулотлари ўтказиш мақсадида Рязань давлат агротехнология университетининг ўқув ишлари бўйича проректори, техника фанлари доктори, профессор Сергей Николаевич Боречев Наманганга келди.

Ташриф доирасида россиялик меҳмон иштирокида институт раҳбарияти билан расмий учрашув ўтказилди. Унда ҳамкорлик шартномаси асосида 2019 йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича музокаралар олиб борилди. Бундан ташқари Сергей Боречев иштирокида факультетлар деканлари, кафедралар мудирлари ва етакчи профессор-ўқитувчилар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида қилинадиган ишлар бўйича семинар ташкил қилинди.

Ташриф давомида Рязань давлат агротехнология университети проректори институтимизнинг “технологик машиналар ва жиҳозлар” йўналиши талабалари учун ўзининг уч кунлик дарс машғулотларини олиб борди. Машғулотлар технологик машиналар ва жиҳозлар таълим йўналиши 3-курс талабалари учун, “амалий механика” ҳамда “енгил саноат маҳсулотларини конструкциялаш ва технологияси” йўналишлари 2-курс талабалари учун техник механика фанидан жами 16 соат ўтказилди.

Профессор Сергей Боречевнинг Наманганга ташрифи давомида иккита олий таълим муассасаларининг ҳамкорлигини ҳар томонлама ривожлантириш, 2019 йилда НамМТИ талабалари ва профессор-ўқитувчиларини стажировкага юбориш, Россия Федерацияси олийгоҳидан профессор-ўқитувчиларни НамМТИ ўқув жараёнига жалб қилиш,  онлайн семинарлар ва машғулотлар ўтказиш ҳамда ҳамкорликда ўқув-услубий адабиётлар яратиш бўйича келишувларга эришлди.

 

Наманган муҳандислик-технология институти матбуот хизмати.

© namangan24.uz

 

--> -->