Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуаси муҳташам спорт залининг баланд деворига видеопроектор воситасида нурли соат рақамлари 09:00 ни кўрсатиши билан имтиҳон бошлангани эълон қилинди.

Тест имтиҳонларининг биринчи босқичида Президент мактабига кириш учун ҳужжат топширган 7 минг 742 нафар ўғил-қиздан минг нафари математика фанидан олган билимларини синовдан ўтказишга киришди.

Куннинг иккинчи ярмида бугун мазкур иншоот “Куч - билимда” деган шиорнинг майдони сифатида яна минг нафар ўқувчини ўз бағрига олади.

– Тест имтиҳонларининг илк босқичида ўқувчилар математика фанидан 30 та топшириқдан иборат тест саволларига жавоб бериши керак ва бунга 90 дақиқа вақт ажратилади, – дейди Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи, тарих фанлари номзоди Ваҳобжон Ражапов. – Биринчи босқич натижасига кўра қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 20 киши ҳисобидан максимал талабгорлар иккинчи босқичда қатнашади, шу босқичга ўтган талабгорлар ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилияти бўйича 16 та, мантиқ элементлари бўлган математика фанидан 24 та ва инглиз тилидан 55 та тест саволларига жавоб қайтариши керак бўлади.

4- ва 5-синф ўқувчилари тўплаган балларнинг асосий қисмини (80 фоизини) танқидий фикрлаш ва мантиқий билимни талаб этувчи топшириқларни бажариш орқали йиғишлари мумкин. Балларнинг 20 фоизигина инглиз тили фанига тўғри келади. Шу боис номзодлар инглиз тилидан мукаммал тайёргарликка эга бўлмай, танқидий ва мантиқий фикрлаш қобилияти яхши ривожланган бўлса ҳам, Президент мактабларига қабул қилиниш эҳтимоли юқори бўлади. Номзодлар истагига кўра, ушбу йўналишдаги имтиҳон саволлари инглиз тилида эмас, давлат тилида берилиши мумкин.

6-, 7-, 8-, 9-синф ўқувчилари учун инглиз тилининг аҳамияти 40 фоиз бўлиб, танқидий фикрлаш ва мантиқий билимни талаб этувчи топшириқлар 60 фоизни ташкил этади. Бундай талаб қўйилганининг асосий сабаби, Президент мактабининг юқори синф ўқувчилари хорижлик ўқитувчилар ўтадиган “STEAM”-фанларни ўрганиш учун етарли салоҳиятга эга бўлиши зарур. Ўқувчи хоҳишига кўра танқидий фикрлаш ва мантиқ бўйича имтиҳонларни инглиз тилида ҳам топшириши мумкин.

Кириш имтиҳонлари 2-босқичнинг натижаларига кўра бир хил балл тўплаган талабгорлар сони белгиланган қабул квотасидан ортиб кетган тақдирда, қабул комиссияси ва таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилотлар томонидан қўшимча топшириқлар берилади.

Тест имтиҳонлари дунёга донғи кетган Кембридж университети вакиллари Paul Cvump ва Anita Pegan томонидан олинмоқда.

-Бизда Президент мактаблари йўқ, лекин аниқ фанлар ва технологияларга йўналтирилган мактаблар кўп, – дейди Paul Cvump. – Биз бугун Намангандаги Президент мактаби билан яқиндан танишдик ва жаҳон таълим стандарти талабларига тўла жавоб берувчи шароитлар яратилаётгани, ҳатто айтиш мумкинки, бир оз устун жиҳатларини ҳам кўриб хурсанд бўлдик. Масалан, ҳар бир синф 12 нафардан ўқувчига мўлжаллангани, уларнинг жиҳозланиши, коммуникация тизими, шовқин-суронлардан ҳимояланганлик даражаси энг ривожланган давлатлар таълим стандартига мувофиқлиги билан диққатга сазовор.

2 июлгача давом этадиган тест имтиҳонларида кунига икки босқичда 2 минг нафардан ўқувчи мамлакатимизнинг энг нуфузли мактабларидан бирининг партасидан муносиб жой олиш учун тенгдошлари билан рақобатга киришади.

Акрамжон Сатторов,

журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби.

фото-мухбиримиз Ҳамдам Мамадалиев олган суратлар.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->