Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 7 августдаги мажлис баёни ҳамда Мактабгача таълим вазирининг жорий йил 17 августдаги 121-сонли буйруғига кўра, педагогика коллежларида 2020-2021 ўқув йили учун 25 августдан 25 сентябрга қадар  қабул  жараёнлари  ўтказилиши  маълум қилинди.

Шунга кўра, абитуриентларни қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича вилоят  ишчи гуруҳ таркиби тузилди. Шунингдек, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда абитуриентларга қулайликлар яратиш мақсадида ҳужжатларини 7 та таълим йўналишларида жумладан, Мактабгача таълим, Мактабгача таълим ёрдамчи тарбиячиси, Мусиқий таълим, Жисмоний тарбия, Хореография санъати, Ошпаз, қандолатчи ва Мактабгача таълим ташкилотлар маиший масалалар менежери бўйича www.kollej.edu.uz электрон платформаси орқали онлайн қабул қилишни ташкил  этиш, бу бўйича доимий назорати ва ҳисоботини  юритиш; зарур бўлганда аниқланган муаммоли ҳолатлар юзасидан жойига бориб, ўрганишлар ташкил қилиш масъулияти  юкланди.

Янги ўқув йили учун  қабул  умумий ўрта маълумот (11-синф) ва ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга бўлган шахслар учун ўтказилиши  муносабати  билан тегишли ҳудудларда ёшлар ўртасида педагогика коллежларида қабул амалга ошириладиган йўналишлар, ўқитишнинг шарт-шароитлари ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш истиқболлари бўйича кенг тарғибот ишларини ташкил қилиш вазифаси белгиланди.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ ва  тезкор жавоб олишини таъминлаш мақсадида вилоят Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармасида мурожаатлар маркази (“Колл маркази” тел: 69 211-71-33) билан амалий ҳамкорлик қилиш тавсия этилди. Қабул  жараёнларини  мувоффоқиятли  ўтказиш учун “Колл марказ” ва консультация хоналарига муомала маданияти юқори бўлган тажрибали, масъулиятли ходимлар бириктириш ва уларни интернет тармоғига уланган компьютер, иш телефони, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нусхалари ва бошқа зарурий материаллар, гигиеник воситалар (санитария-зарарсизлантирувчи антисептик геллар, хлор, совун, ниқоб, қўлқоплар, тозалаш учун антибактериал воситалар ва ҳ.к.) билан таъминлаш, коррупция, шахсий манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўймаслик, одоб-ахлоқ қоидаларига сўзсиз риоя этиш кабилар бўйича топшириқлар берилди.

Ота-оналар ва абитуриентлардан келиб тушадиган саволлар ва эътирозларга ўз вақтида жавоб бериш, юзага келиши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларни зудлик билан ҳал этиш бўйича доимий ишловчи штаб ташкил этилди.

Қадрли ота-оналар!

Фарзандларингизни келажакда зиёли, юртимиз ва оилангиз учун зарур касб эгаси ва малакали мутахассис бўлишини истасангиз уларни таҳсил олиш учун Педагогика коллежларига ўқишга киришга йўналтиринг!

Ҳурматли қалби қайноқ, шижоатли Наманган ёшлари! Сизларни таҳсил олиш учун педагогика коллежларга ўқишга киришга чорлаймиз!

Келажакда юртимиз, оилангиз ва жамиятимиз учун зарур бўлган мутахассис бўлишингизга ишонамиз!

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->