Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида янги ўқув йилида олий таълим муассасаларига берилган қўшимча 4 фоизлик давлат грант ўринлари ажратилган эди.

Президентимизнинг 2020 йил 12 июндаги “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори асосида Наманган вилояти учун шундай имтиёз асосида хотин-қизларга 75 та ўрин ажратилган.

Наманган муҳандислик-технология институти ректори, физика-математик фанлари доктори, профессор Одилжон Маматкаримов олийгоҳга ушбу имтиёз асосида талабалик бахтига мушарраф бўлган талаба қизлар билан учрашди.

Учқўрғон туманида истиқомат қилаётган Маҳлиё Абдукаримова ва Шаҳнозабону Ғуломоваларнинг хонадонларига ташриф, қизғин ва самимий руҳда кечган учрашувлар талабалар ва уларнинг ота-оналари учун кутилмаган совға бўлди.

Институт раҳбари талабалик бахтига муяссар бўлган қизларни самимий табриклаб, уларга келгусида таҳсил олиш жараёнида катта ютуқларга эришишларини, билимли ва юксак малакали кадрлар бўлиб етишишларига тилак билдирди. Президент ташаббуси билан берилган имкониятнинг илк совриндорлари бўлган талаба қизларга ректор табрикномаси ўқиб эшиттирилиб, эсдалик совғалари ва бадиий китобларни тақдим этди.

- Энг аввало, бизга яратилган бундай шароитлар ва имтиёзлар учун Президентимизга минг раҳмат, - дейди Шаҳнозабону Абдукаримова. - Мен учун Наманган муҳандислик-технология институтида таҳсил олиш шараф, шу билан бирга улкан масъулиятдир. Олийгоҳда дизайн йўналишида чуқур билим олиб, келгусида Ватанимиз довруғини юксак чўққиларга кўтарадиган, халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган муносиб фарзанд бўлишга астойдил интиламан.

Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати.
© namangan24.uz

--> -->