Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларимизнинг билим олишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган.

Ўзининг билимдон ўқувчилари билан довруғ қозонган Наманган Давлат университетида таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар қўлланилиб, салмоқли ютуқларга эришилмоқда.

Олийгоҳ талабаларининг билим даражасини юксалтириш мақсадида профессор-ўқитувчилар томонидан таълимда янги инновация – “Электрон деканат” онлайн тизимини жорий этилди.

Ҳозирда бу тизим синовдан ўтказилмоқда. Филология факультети декани Қосимжон Сиддиқов “Namangan24.uz” сайти мухбирига “Электрон деканат” онлайн тизими ҳақида шундай деди:

“- Электрон деканат” тизими аниқлик, ошкоралик ва шаффофликка асосланган бўлиб, талабаларнинг тўлиқ билим олиши учун хизмат қилади. Бу тизим онлайн бўлиб, унда талабаларнинг кунлик давомати ва уларнинг дарс давомида олган баҳолари акс этади. Энди талаба келмаган кунлари учун баҳо ололмайди. Ўқитувчилар кунлик тартибда талабаларнинг давомати ва олган баҳоларини онлайн тарзда компьютерга киритиб боради. Бугунги кун учун эртага баҳо олиб бўлмайди. Семестр якунида талабанинг  олган баҳолари ва давомати орқали унга якуний баҳолар онлайн тарзда чиқариб берилади. Бу тизим жорий этилгандан сўнг, албатта,  талаба кунлик дарсга қатнашишга ва ҳар бир фандан ҳар куни баҳо олишга ҳаракат қилади.”

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ҳар бир дарсга келган талаба баҳоланадими?

“- Йўқ, албатта, энди талаба дарсга келиши билан биргаликда ҳар бир фандан берилган вазифаларни ҳам бажариши лозим, узрли сабабларга кўра, дарсга келолмаган талабанинг касаллик ҳақидаги маълумотномаси асосида талаба қолдирган дарсларни қайтадан ўзлаштиради.”

Қайд этиш жоизки, мазкур инновацион тизим жорий қилинганидан буён талаба-ёшларнинг фаоллиги янада ошди. Энди улар ҳафтада бир марта эмас, ҳар куни уч бор баҳо олишга интилмоқдалар. Табиийки, профессор-ўқитувчилар томонидан қўйилаётган баҳолар талабаларнинг ҳақиқий билим даражасига қаратилган.

Мухбира Валиева,

© namangan24.uz

--> -->