Маълумки, 2018 йилнинг 18-19 октябрь кунлари пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбекистон-Россия таълим форуми”да  Костичев номидаги Рязань давлат агротехнология университети ва Наманган муҳандислик-технология институти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди.

Яқинда мазкур ҳамкорлик шартномаси асосида Наманган муҳандислик-технология институти ўқув ишлари бўйича проректори Рустамжон Исроилов ва институтнинг автоматика ва энергетика факультети декани Аъзам Мамахановлар Россия Федерациясининг Рязан ўлкасига ташриф буюрдилар.

Амалий ташриф давомида делегация аъзолари Рязань давлат агротехнология университети томонидан ташкил этилган “Аграр соҳани инновацион ривожлантиришда фан-таълимнинг роли” мавзусидаги 70-халқаро илмий-амалий анжуманида фаол иштирок этдилар.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, НамМТИ ўқув ишлари бўйича проректори, иқтисод фанлари номзоди, доцент Рустамжон Исроилов мазкур нуфузли анжуманнинг ялпи мажлисида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни  ривожлантиришни такомиллаштириш” мавзусида маъруза қилиб, кўпчилик хорижий мутахассислар эътиборини қозонди. Тадбир якунида наманганлик олим Россия университети ректорининг “Анжуман ишидаги фаол иштироки учун миннатдорлик хати” билан тақдирланди.

Хизмат сафари мобайнида шунингдек, НамМТИ делегацияси Рязандаги олийгоҳ университет ҳаёти, ушбу таълим даргоҳидаги ўқув ва илмий жараён, адабиётлар фонди, талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Университет раҳбарияти билан ҳамкорлик доирасида келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича музокаралар олиб борилди.

Маълумот ўрнида, Рязань давлат агротехнология университети 1949 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 6 та факультетда 5 мингдан зиёд талабалар таҳсил олади. Ушбу олий таълим муассасаси Россия ривожланишида ўзига хос ўринга эга бўлиб, унинг профессор-ўқитувчилари мамлакат аграр соҳасини тараққий этишида беқиёс ҳисса қўшганлар. Университетда ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 80 фоиздан юқорини ташкил этиб, биргина жорий йилнинг ўзида 54 та ишланма учун патент олинган.

Оқилхон Дадабоев,

Наманган муҳандислик-технология институти матбуот котиби.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->