Наманган вилоятидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Раҳим Расулжонович Ҳакимов Президентимиз қарорига асосан республика Адлия вазирининг ўринбосари – Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида, Раҳим Расулжонович Ҳакимов 1983 йил 2 январда Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. Маълумоти олий, 2003 йили Наманган давлат университетини, 2005 йили Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос. Юридик фанлари доктори. Оилали, ўғил ва қиз фарзанди бор. Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси.

Раҳимжон Ҳакимов меҳнат фаолиятини 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи етакчи илмий ходими лавозимидан бошлаган.

2017 йил декабрь ойидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг директори (жамоатчилик асосида), 2018 йил июль ойидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг раиси лавозимларида ишлаб келган.

“Namangan24.uz” сайти республика Адлия вазирининг ўринбосари – Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланган Раҳим Расулжонович Ҳакимовга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->