Наманганда ўтказилаётган Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми доирасида бугун – 2019 йил 14 сентябрь, шанба куни Наманган давлат университети ва Урал давлат тиббиёт университети ҳамкорлигидаги қўшма тиббиёт факультетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, ҳамкорликда янги ташкил этилган ушбу қўшма факультет тиббиёт тизимини ривожлантириш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашда катта ўрин тутишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, бугунги кунда 220 та давлат тиббиёт муассасаси ва 350га яқин хусусий шифохоналар фаолият олиб бораётган Наманган тиббиёти учун замонавий билимларга эга мутахассислар етишмаётганлиги кўзга ташланмоқда. Наманган давлат университетида ўз фаолиятини бошлаш арафасидаги бу факультет ана шу эҳтиёжни қондиришда муҳим  аҳамиятга эга. Ҳоким келгусида факультет негизида тиббий олий таълим муассасасини ташкил этиш кўзда тутилганлигини айтиб ўтди.

- Олийгоҳимиз Россия Федерациясидаги етакчи олий таълим муассасаларидан биридир. Қолаверса, Европадаги классик университетларнинг деярли барчасида тиббиёт факультетлари мавжуд. Наманган Давлат университетида қўшма тиббиёт факультет очиш ҳақидаги таклифимиз мамнуният билан қабул қилиниб, бу борадаги икки томонлама келишувимиз тез ва муваффақиятли амалга ошганлиги учун миннатдорлик билдираман, - деди Урал давлат тиббиёт университети ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ольга Ковтун.

Тантанали маросимда рамзий лента қирқилгач, меҳмонлар янги факультетнинг таъмирдан чиққан ва жиҳозланган биноси билан танишдилар. Наманган давлат университети ректори Музаффар Эсонов факультетда яратилган шароитлар ва замонавий жиҳозларнинг афзалликлари, имкониятлари билан таништирди.

Қайд этиш жоизки, янги қўшма факультетга қабул квоталари Наманган вилоятида кадрларга бўлган мавжуд талабларни пухта ўрганган ҳолда белгиланди. Дастлабки ўқув йилида даволаш иши, стоматология, педиатрия иши ва фармацевтика йўналишлари бўйича 150 нафар талаба қўшма факультетга қабул қилиниши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида, рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон олий давлат таълим стандартлари талаблари ҳамда Урал давлат тиббиёт университети билан қўшма таълим дастур асосида амалга оширилади. Талабалар Наманганда 2 йил, кейин эса Россиянинг Свердловск областида жойлашган Урал давлат тиббиёт университетида таълим олишади. Битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерациясида олий таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжати сифатида эътироф этилган икки томонлама дипломларни бериш кўзда тутилган.

Айни кунларда янги факультетга абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Таълим жараёни эса шу йил 1 октябрь кунидан бошланади.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Муаллиф олган суратлар.

--> -->