Шу йилнинг 7 февраль, жума кунидан бошлаб республиканинг барча ҳудудида қўшни (Тожикистон, Қирғизистон, Турманистон ва Қозоғистон) давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан уларнинг ўқишини кўчириш бўйича аризалар қабул қилувчи Ишчи гуруҳлар иш бошлади.

Шу жумладан, Наманган муҳандислик-технология институтида ҳам қўшни давлатлардан Наманган вилояти бўйича ўқишни кўчириш тўғрисидаги ҳудудий ишчи гуруҳ ташкил этилиб, фаолият юритмоқда.

Ишчи гуруҳ манзили Наманган шаҳри, Косонсой кўчаси, 7-уйда жойлашган НамМТИнинг “Спорт зали”да жойлашган бўлиб, талабгорлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Барча қизиқтирган масалалар юзасидан 69 232-58-69 телефон орқали мурожаат этиш мумкин.

Аризалар 2020 йилнинг 7 февралидан 15 февралига қадар (шу куни ҳам) ҳар куни соат 9:00 дан 17:00 гача қабул қилинади ва суҳбатлар ўтказилади.

Маълумот ўрнида, талабгорлар вилоят ишчи гуруҳига мурожаат этиб, ўқишларини Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Андижон давлат тиббиёт институтига кўчиришлари мумкин.

Қайд этиш жоиз, номзодлар томонидан Ҳудудий ишчи гуруҳларга зарур ҳужжатлар тўғри ва тўлиқ бўлган ҳолатда тақдим этилганда, сўзсиз қабул қилинади. Ўқишни кўчиришда ҳеч қандай қўшимча талаблар ва синовлар бўлмайди.

- Аризаларни топшириш жараёнида турли “ёрдам берадиган” таъмагир ва фирибгарларнинг таклифларидан эҳтиёт бўлинг, - дейди Ишчи гуруҳи аъзоси, Наманган муҳандислик-технология институтидан бириктирилган вакил Камолиддин Маткаримов.

Эслатиб ўтамиз, қўшни давлатларда таълим олаётган Ўзбекистон ёшлари учун жорий этилган ушбу қулайлик ва ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни асосида амалга оширилмоқда.

Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->