Халқ таълими вазири 80 мингдан зиёд ўқувчи иштирок этган онлай-танлов ғолибларини тақдирлади. Наманганда ўқувчи-ёшларнинг қобилиятини юзага чиқариш, ўқиш, илм-фаннинг баланд чўққилари сари интилишларини рағбатлантириш мақсадида Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси асосида ташкилланган онлайн-танлов якунланди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўтказилган танлов карантин шароитида қарийб уч ой давом этди. Президентимизнинг Беш ташаббуси доирасида «Энг яхши чолғу ижрочиси», «Энг яхши рассом», «Энг яхши хонанда», «Энг яхши ижодкор», «Энг яхши спортчи», «Энг яхши дастурчи», «Энг яхши китобхон», «Она тили миллат руҳи», «Ёш китобхон», «Китоб –маънавият калити» йўналишларидаги онлайн-танловда барча шаҳар ва туманлардан 80 мингдан зиёд ўқувчи ва педагоглар қатнашди. Улар орасидан 22 минг 604 нафар ўқувчи ва 425 нафар ўқитувчининг ижодий ишлари саралаб олинди.

Бошқарма ахборот хизмати хабар беришича, танловга тақдим этилган ижодий ишлар йўналишлар бўйича мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганилди. 27 нафар ўқувчи ҳамда 3 нафар ўқитувчи ғолиб деб топилди. Ғолибларни тақдирлаш маросимида иштирок этган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ёшларни юксак марралар сари дадил парвозга руҳлантириб, яратиб берилаётган имкониятга монанд уларни Ватан истиқболига муносиб камол топишга ундади. Президентимиз томонидан белгилаб берилган бешта муҳим ташаббус ўқувчиларни маънавий етуклик, жисмоний баркамоллик, илм-маърифат сари етаклаш баробарида тафаккурини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

© namangan24.uz

--> -->