Шу йилнинг 12 октябрь кунидан эътиборан мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари сингари Наманган муҳандислик-технология институтида ҳам 2020-2021 ўқув йили учун ўтказилган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра талабаликка тавсия этилган ёшлар учун ўқув жараёни билан таништирув ҳафталиги бошланди.


Мазкур институтда таништирув дарслари махсус жадвал асосида анъанавий тарзда ташкил этилмоқда. Унга кўра, дарсларни бешта факультетдаги ҳар бир гуруҳ учун 3 кундан кўп бўлмаган вақтда амалга ошириш белгиланган. Таништирув дарслари кунига 2 жуфтликдан, ҳар бир жуфтлик оралиғида 10 дақиқалик танаффус билан иккига бўлинган ҳолда ўтказилмоқда.

–Талабаларига институт тарихи, ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби, тўлов-контракт шартлари, ўтиладиган дарслар, профессор-ўқитувчилар тўғрисида умумий маълумотлар берилмоқда, – дейди институт қабул комиссияси масъул котиби Аъзамжон Мамахонов.

Дарвоқе, талабаларга масофадан ўқитиш тизими ҳамда ундан фойдаланиш платформаси, масофадан ташкил этиладиган дарсларда иштирок этиш бўйича семинарлар ўтилиб, кўникмалар берилмоқда.

Профессор-ўқитувчилар “COVID-19” инфекциясига қарши текширувдан ўтказилиб, манфий натижага эга бўлганлар таништирув дарсларида талабаларга дарс ўтмоқда. Карантин қоидаларига асосан, аудиторияларни дарслар бошланмасдан аввал ва кейин дезинфекция қилиш, парталар ва ўриндиқларнинг юзасини махсус дезинфекция воситалари билан тозалаш ишлари бажарилмоқда. Таништирув якунлангач масофадан ўқитиш орқали талабаларга ўқув режасида белгиланган фанлар бўйича онлайн дарслар бошланиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, янги ўқув йилида Наманган муҳандислик-технология институтига умумий бакалавриатнинг кундузги таълим йўналишига 1650 нафар, сиртқи таълим йўналишига 350 нафар ва талаба қабул қилинди.

Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->