Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 июндаги 492-сон қарорига мувофиқ Музаффар Ҳошимович Эсонов Наманган давлат университетининг ректори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида, Музаффар Ҳошимович Эсанов 1978 йил 19 февралда Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган. Маълумоти олий, 2003 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тугатган. Мутахассислиги тарих фани ўқитувчиси. Тарих фанлари номзоди, доцент.

Музаффар Эсонов меҳнат фаолиятини 2007 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўқитувчиликдан бошлаган. У меҳнат фаолияти давомида Тошкент давлат педагогика университетида ватан тарихи кафедраси катта ўқитувчиси, доцент, тарих факультетининг маънавий-маърифий ишлар ва ўқув ишлари бўйича декан муовини, университет магистратура бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг республика таълим маркази директори каби масъул вазифаларда фаолият юритган.

У 2018 йилдан ҳозирги вақтга қадар Наманган давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Наманган давлат университетига бундан аввал ректорлик қилиб келган (собиқ халқ таълими вазири) Улуғбек Илясович Иноятов Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси этиб сайланган эди.

“Namangan24.uz” сайти Наманган давлат университетига ректор вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Музаффар Ҳошимович Эсоновга янги лавозимдаги масъулиятли ва шарафли фаолиятида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->