Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси барча ватандошларимиз қатори, таълим вакили сифатида мени ҳам руҳлантирди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу Мурожаатномасида таълим тарбия ва илм-фан соҳасини ривожлантириш, олий таълим тизимидаги ислоҳотларни фаол давом эттириш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида билдирилган фикрлар бугунги кунда истиқболли, замонавий кадрлар тайёрлашдаги долзарб муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

2021 йилдан олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сонини камида 25 фоизга етказилиши ва эҳтиёжманд оилалар қизлари учун давлат грантларини 2 баробарга кўпайтирилиши эртанги кун эгалари бўлмиш билимли ёшларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятда муносиб ўринларни эгаллашларига янада кенгроқ имкониятлар яратади.

Бундан ташқари, академик лицей ва техникумларни олий таълим муассасаларига бириктирилиши, техникумлар билан ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамланиши мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини ривожланишида ҳамда таълим сифатини ошишида алоҳида аҳамиятга эга. Юртбошимизнинг бу борадаги ташаббусига лаббай, деб жавоб бериш ва ҳаётга тўлақонли тадбиқ этиш ҳар бир таълим муассасаси вакилининг шарафли бурчига, фаолият мазмунига айланиши лозим.

Доцент ва профессор илмий унвонлари ҳамда фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколатини етакчи олий таълим муассасалар илмий кенгашларига берилиши ҳар бир педагог ва тадқиқотчиларга янги имконият эшикларини очиб беради.

2021 йилдан юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни ҳал қилишда мустақиллик берилиши кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштиришга, олий таълим муассасалари ўртасида эркин рақобат муҳитини ривожлантиришга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий олий ўқув юртларимагистрва докторантларни юбориш квотасини 5 баробарга оширилиши илм йўлини танлаган ёш тадқиқотчиларга муносиб шарт-шароитлар яратиб беради, уларни замонавий билимларни пухта ўзлаштириши ва илмий салоҳиятларини оширишда муносиб рағбат бўлади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Мурожатнома жамиятимиз ҳаётидаги барча жабҳалар билан бирга, илм-фан ва таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишга ўзига хос омил бўлиб хизмат қилади.

Одилжон Маматкаримов,

Наманган муҳандислик-технология институти ректори,

физика-математика фанлари доктори, профессор.
 

© namangan24.uz

--> -->