Ўзбекистонда илк марта мактабларда таълим сифатининг ҳолатини характерловчи рейтинг индикаторларини ишлаб чиқилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳи индикаторлар ва баҳолаш мезонларини муҳокама қилди.

Муҳокама жараёнида хорижий тажрибалар таҳлил қилиниб, хорижий давлатларда мактаблар рейтинги аксарият ҳолатларда халқаро билимни баҳолаш тадқиқотлари натижаларига боғлангани аниқланган.

Маҳаллий ва халқаро тажрибалар ҳамда мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги мактабларнинг рейтингини аниқлаш мезонлари қуйидаги тўртта кўрсаткич асосидан ишлаб чиқилди:

- битирувчи ўқувчиларнинг фанлар бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи;

- 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси;

- олий ва биринчи тоифали ўқувчилар улуши;

- мактаб ўқувчилари ва педагог жамоаси ўртасида ўтказиладиган сўровнома натижалари.

Қувонарлиси шундаки, ҳудудлар бўйича миллий рейтингда Хоразм ва Навоий каби ҳудудларни ортда қолдирган Наманган вилояти халқ таълими тизими фахрли биринчи ўринда эътироф этилди. Қуйи ўринларда эса Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари қайд қилинди.

Энг юқори ўринларни эгаллаган “Топ-20 талик” рейтинга Хоразм вилоятидан 7 та, Наманган вилоятидан 4 та, Фарғонадан 4 та, Бухородан 2 тадан, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан биттадан мактаблар киритилди.

Маълумот ўрнида, мазкур юқори рейтингдан Поп туманидаги 7-мактаб (5-ўрин), Наманган туманидаги 23-мактаб (8-ўрин), Уйчи туманидаги 23-мактаб (9-ўрин) ва Косонсой туманидаги 28-мактаб (16-ўрин) жамоалари жой олишди.

Дарвоқе, 9-синф ўқувчиларининг билим даражасини аниқлаш бўйича ўтказилган назорат ишларида жами 25 188 нафар ўқувчи қатнашган ва уларнинг 73,1 фоизи она тилидан диктантдан ва 48,2 фоизи математикадан ёзма ишдан ижобий баҳоланган.

Диктант бўйича энг юқори натижаларга Навоий ва Бухоро қаторида Наманган вилоятида ҳам эришилди. Энг паст натижаларга Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида йўл қўйилган.

Бундан ташқари, Наманган вилояти халқ таълими математикадан ёзма иш бўйича энг юқори натижаларни қўлга киритган Хоразм ва Навоий вилоятлари сафида ҳам қайд этилганини айтиб ўтиш жоиз. Бу борада паст натижалар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида кўрсатилган.

Республика бўйича барча туман (шаҳар)лардан 10 фоиз (жами 956 та) мактабларнинг фаолияти таҳлил қилинган ва 2019 йил 1 июль ҳолатига уларнинг рейтинг натижалари тайёрланган.

Жорий йилда рейтингга жалб қилинадиган мактаблар рўйхати уларнинг умумий сонига нисбатан 10 фоиз миқдорда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан шакллантирилган ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->