Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Наманганда янгидан барпо этилаётган умумтаълим мактаблари, улардаги бунёдкорлик, қурилиш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди. Дастлабки манзил инвестиция дастури асосида 7 млрд. 626 минг сўм эвазига Баркамол авлод маҳалласи ҳудудида янгидан барпо этилаётган 315 ўринли ўқув даргоҳи бўлди. Вазир ишларнинг боришини кўздан кечириш жараёнида бинокорлик юмушлари замонавий талаблар асосида мукаммал амалга оширилиши зарурлиги юзасидан масъул-мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берди, дея хабар бермоқда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.

Шаҳардаги 15-умумий ўрта таълим мактабини жорий йил 108 нафар битирувчи тамомлади. Шундан 36 нафари олий таълим муассасасига ўқишга киришга аҳд қилган. 12 нафари касб-ҳунар техникуми ва коллежларда ўқиш истагида бўлса, 60 нафар ёш ҳунар ўрганиш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи.

Эътиборлиси, 20 нафар битирувчи ҳозирнинг ўзида “ART SOFT HOLDING” корхонасига ишга қабул қилинган. Вазир ушбу илм даргоҳида ҳам бўлиб, мактаб мутасаддилари билан мулоқот чоғида 500 дан ортиқ ўқувчини қамраб олган тикувчилик, пазандачилик, чилангарлик, дурадгорлик ва уй ҳамшираси каби тўгараклар фаолияти билан танишар экан, янги ташаббуслар ва замонавий, илғор усул ва услубларни татбиқ этиш ҳамда бу борада «Наманган намунаси»ни республикада оммалаштириш бўйича топшириқ берди.

Замонавий архитектура талаблари ва шаҳарсозлик мезонлари асосида Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласида янгидан бунёд этилаётган умумтаълим мактаби 2 гектардан ортиқ майдонни қамраб олган бўлиб, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари учун Инвестиция дастурига биноан давлат бюджетидан салкам 8,7 млрд. сўм йўналтирилган.

Шерзод Шерматов мутасаддилар билан биргаликда икки қаватли 420 ўриндан иборат илм масканида, шунингдек, 15 та синф хонаси, 120 ўринли мажлислар зали, 100 ўринли замонавий ошхона, 60х30 ўлчамдаги очиқ стадион, 12х24 ўлчамдаги ёпиқ спорт залининг қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди. «Стандарт қурилиш таъминоти» корхонаси томонидан олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари август ойининг иккинчи ўн кунлигида ниҳоясига етказиш ҳамда мактабни янги ўқув йилига фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Жараёнлар билан танишиш асносида вазир Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган ғамхўрликлари натижасида наманганлик ўқувчи-ёшлар янги ўқув йилини мана шундай кўркам ва замонавий илм масканларида, ҳар жиҳатдан қулай шарт-шароитлар яратилган шинам синфхоналарда бошлашини айтиб ўтди. Ташриф давомида «Ахсикент» МФЙ ҳудудида инвестиция дастури бўйича 7 млрд. 815 млн. сўм ҳисобига барпо этилаётган 315 ўринли мактабнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам кўздан кечирилди.

Куннинг иккинчи ярмида вилоят халқ таълими бошқармасида таълим мутасаддилари билан мулоқот ўтказилди. Унда вилоятдаги умумтаълим мактаби битирувчиларини олий таълим ҳамда касб-ҳунар коллежларига қамраб олиш, мактабларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, педагогларнинг сифат таркиби, вилоят халқ таълими соҳасининг уч йиллик ҳисоботи, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик, Япония таълим-тарбия тизимининг илғор тажрибаларини вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида татбиқ этилиши, жорий йилда вилоятда ташкил этиладиган нодавлат умумтаълим мактаблари, ягона талаблар асосида мактабларни ва технология хоналарининг жиҳозланиши бўйича амалга оширилаётган ишлар механизми таҳлил қилиниб, таълим сифатини ошириш, битирувчиларни ишга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

© namangan24.uz

--> -->