Моҳи Рамазон ҳайити арафасида Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари учун муносиб туҳфа ҳозирланди. Бугун – 2019 йил, 3 июнь, душанба тонгида мадрасанинг янги ўқув биноси, спорт зали ва анжуманлар зали фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Абдулҳаким қори Матқулов, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай қори Турсунов юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида муқаддас динимизни қадрлашга, хусусан ёшларнинг инновацион таълим тизимига асосланган ҳолда билим олишнинг замонавий усулларидан фойдаланишига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Ушбу муаззам илм даргоҳидан ислом дини тараққиётига улкан хисса қўшган буюк бобокалонларимизга муносиб ворис бўладиган мутахассислар етишиб чиқишига умид билдирилди.

Нотиқлар Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган қутлуғ кунларда Юртбошимиз топшириқлари асосида “Меҳр” инсонпарварлик амалиётида 156 нафар ватандошимиз қин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилганлиги, давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра, 575 кишининг авф этилиши, 351 нафар фуқаронинг озодликга чиқарилиши тарихий воқеа ва инсонпарварварлик, бағрикенгликнинг юксак намунаси бўлганлиги эътироф этилди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил вилоятимизга ташрифи чоғида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти жойлашган ҳудудни диний-маърифий мажмуага айлантириш ҳақида топшириқ берилган эди. Бунинг натижасида уч йил аввал вилоят марказининг сўлим ва хушманзара Оромгоҳ даҳасининг кўркам масканига кўчирилган “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида талабаларга қулай шароитларни ҳозирлаш мақсадида қисқа фурсатларда 10 миллиард сўм маблағ эвазига янги, замонавий, муҳташам, кўркам ўқув биноси, мажлислар зали, спорт залидан иборат  муҳташам мажмуа Муборак Рамазон ҳайити байрами арафасида қад ростлади.

Илм масканида “узукка кўз - қўйгандек”, ярашиб турган шинам биноларини бунёд қилишда жонбозлик кўрсатган “Зафар қурилиш сервис” хусусий корхонаси, “Хўжалик ҳисобидаги механизатциялашган кўчма калонна” давлат ташкилоти, “Челси қурилиш” масъулияти чекланган жамиятининг раҳбарларига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Уч қаватдан иборат ушбу бино дарс машғулотлари учун замон талаблари даражасида жиҳозланган кенг, шинам ва ёруғ синф хоналари, кутубхона, маънавият ва маърифат хонаси, лингофон хонаси, сўнги русумдаги компьютерлар билан жиҳозланган информатика хонаси ҳамда бошқа маъмурий ва хўжалик хоналари мавжуд.

Маросимда мадрасининг ахборот-ресурс маркази, бошқача айтганда кутубхонасининг фондини бойитиш, билим бериш сифатини ошириш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан яхши таклиф илгари сурилди. Яъни, имом-хатиблар ва уламолар ўз шахсий кутубхонасидаги мавжуд араб тилидаги китобларни тортиқ этишса, бу уларнинг ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси, қолаверса, одамларга диний маърифатни ёядиган сифатли кадрлар тайёрланишига озми-кўпми қўшган ҳиссаси бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ҳозиргача илм толиблари билим юрти ҳовлисида жисмоний тарбия билан шуғулланишига тўғри келган эди. Эндиликда билим юрти жамоаси 18Х30 ўлчамдаги шинам ва замонавий спорт залига эга бўлди. Бу ерда 6 та спорт секцияси ташкил этилиб, унда волейбол, баскетбол, стол тенниси, тош кўтариш, шахмат, кураш турлари бўйича шуғулланиш имконияти мажуд. Шунингдек, залда ювиниш, кийиний, тиббиёт ва мураббийлар хоналари ҳам барпо қилинди.

- Билим юртимизда муҳайё этилган бундай қулай шароит ва имкониятлардан бошимиз осмонга етди. Бу ўз навбатида ўқитувчи ва талабаларимиз зиммасига ҳам катта масъулият ва вазифалар юклайди, -дейди “Ҳидоя” мадрасаси мудири Абдулазиз қори Бобомирзаев. – Президентимиз, ҳукуматимиз, вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг ғамхўрликларига жавобан Ватанимизнинг порлоқ келажаги, ривожи учун сидқидилдан хизмат қилиш, турли ёт оқимларнинг ёвуз ғояларига қарши тура оладиган етук ва салоҳиятли, баркамол ёшларни тарбиялаш йўлида бор куч-салоҳиятимизни ишга соламиз.

Тантанали маросимда Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Жамолиддин Алойдинов иштирок этдилар.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Суратларни Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати тақдим этди. 

--> -->