Маълумки, 2019 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

Ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга барча сиёсий партиялар қатори Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлажак сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқли ўлароқ ўта қизғин ва баҳс-мунозаралар, партияларарор тортишув ва кескин рақобат муҳити остида кечиши кутилмоқда.

Сиёсий жараёнларда тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллик билан натижадор олиб борилишида сиёсий партиялар қошидаги “Ёшлар қаноти”нинг ўрни муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида “сиёсий партияларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари, партиялар қошида ташкил этилган “Ёшлар қанотлари”нинг фаолиятини, афсуски, қониқарли, деб бўлмайди”, дея қайд этган эди.

Президентимизнинг танқидий ва ўринли фикрларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши томонидан ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Бунда энг асосий эътибор, уюшмаган, яъни аниқ машғулот турига эга бўлмаган, ҳеч қаерда ўқимайдиган ва ишламайдиган ёшлар билан ишлаш, уларни эшитиш, мавжуд муаммоларини ижобий ҳал этишга қаратилди. Бу борада “тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида иш олиб борилди.

Негаки, аҳолининг уюушмаган ёшлари қатламлари билан бевосита уларнинг дардини яқиндан ҳис эта оладиган тенгқурлари иш олиб борса, биргаликда муаммолар ўрганилса, кўзланган мақсадга барвақт эришиш, ижобий натижани таъминлаш имкони юзага келади.

Қолаверса, уюшмаган ёшларни четдан кириб келаётган “оммавий маданият” ниқоби остидаги ёт ғоявий таҳдид ва информацион хуружлардан ҳимоя қилиш кечиктириб бўлмас вазифалардан ҳисобланади.

Бу борада давлатимиз раҳбари куюнчаклик билан “Партиялар фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириши шарт. Агар партиялар бунга эришолмаса, бу бўшлиқни ғараз ниятли кучлар тўлдиришга ҳаракат қилиши шубҳасиз. Айрим ҳолларда тўлдиряпти ҳам – буни яширишнинг ҳожати йўқ”, деб таъкидлаган эди.

Хўш, “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши “Ёшлар қаноти” бу борада қандай ишларни амалга ошира олди? Қандай натижалар бўлди? Ушбу ҳақли саволларга жавобни шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида бажарилган ишлар якуни мисолида излаша уриндик:

Жорий йил бошидан буён ҳозирги вақтга қадар вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида ташкилланган тарғибот тадбирларига 11 минг 400 нафарга яқин ўғил-қиз қамраб олинди. Шу жумладан, 2 минг 100 нафардан зиёди уюшмаган ёшлар ҳисобига тўғри келди.

Партиямиз томонидан аҳоли хонадонларида ташкил этилган “Уйма-уй” лойиҳаси натижасида 215 хонадонга кириб, 61 нафар ёшлар билан суҳбатлашилди ва уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилди. Натижада, меҳнатда банд бўлмаган 16 нафар ўғил-қиз иш билан таъминлашга эришилди. 10 нафар уюушмаган ёшлардан 10 нафари эса бўй иш ўринларига тавсия этилди. Кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, ўз бизнесини ривожлантириш истагидаги 2 нафар ёшлар учун партиянинг саъй-ҳаракатлари билан имтиёзли кредитлар билан таъминланди.

Қолаверса, партиямиз “Ёшлар қаноти”нинг йирик ва кенг қамровли лойиҳаларидан бири – “Хизмат беминнат” лойиҳаси вилоятимиз шаҳар ва туманлари, олис қишлоқларида яшовчи кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар фарзандлари ҳамда таълимни паст ўзлаштирувчи ҳамда уюушмаган ёшлар учун яқиндан таяня ва суянч бўлмоқда, десак асло муболаға қилмаймиз

Лойиҳа самараларини рақамлар мисолида келтирадиган бўлсак, шу йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 69 та ўқув-курслари ва тўгараклар ташкил этилиб, уларда 256 нафар ёшлар касбу ҳунар, илм эгаллаб келаётганини айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, ҳеч қаерда ўқимайдиган ва ишламайдиган 56 нафар ўғил-қиз “Хизмат беминнат”нинг бепул машғулотларидан нафланганини қайд этиш даркор.

Ёш авлод вакиллари ўртасида ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онгни шакллантириш, жамиятдаги тезкор ва ислоҳий ўзгаришларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифалардан биридир. ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши қошида очилган “Кўмак” ҳуқуқий-тарғибот гуруҳи ўз фаолиятини айни шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда ташкил этмоқда. Ҳар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари “тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида ўқув-семинарлари ўтказиб келинмоқда. Қувонарлиси, ушбу тарғибот тадбирларига ёшларимизда бўлган қизиқиш ортиб бормоқда.

“Ёшлар қаноти” фаоллари ва “Кўмак” ҳуқуқий тарғибот гуруҳининг яна бир эътиборга молик лойиҳаси катта қизиқиш билан қарши олинмоқда. Яъни, партия вилоят кенгашининг Фейсбукдаги “Milliy Tiklanish Namangan” саҳифаси орқали “Ватан фидойилари” номли видео-роликлар бериб борилмоқда. ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги ушбу видеороликлар орқали муҳим аҳамиятга эга саналарга бағишланган “Тарихий саналар”; мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, эришилган ютуқ ва марралар, 2019 йил 22 декабрда вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар тарғиботига оид “Муносабат”; Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Миллий тараққиёт йўлимизни  қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз” номли китоби асосида “Президент минбари” ҳамда “Ҳуқуқий саводхонлик сари” лойиҳалари асосида иқтибослар,  матнлар, хабарлар мунтазам бериб келинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирги кунда, сайловлар арафасида биздан ўз устимизда тинимсиз изланиш, ёниб ишлашни, сиёсий куч сифатида ўз атрофимизга одамларни, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни эргаштириш ва ишонтира олиш учун ўз салоҳиятимизни, илғор ташаббусларимизни олға суриш тақозо этилади.

Аҳрорбек Акбаров,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 

Наманган вилояти Кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси .

--> -->