Наманган шаҳридаги “Шедевр Плаза” меҳмонхонасида вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида янги таҳрирдаги “Солиқ кодекси”нинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Анжуман аввалида вилоят ДСБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Бойхонов солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг 2019 йил 1 январдан кучга киргани ва унга асосан вилоятда эришилган натижалар ҳамда амалга оширилган ишлар бўйича атрофлича гапириб берди.

Шунингдек, 2019 йил жисмоний шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиғидаги ўзгаришлар ҳамда сайт дастурининг ишга туширилиши ҳақида бошқарма бўлим бошлиғи Мақсаджон Раҳимов тушунча берди.
Янги таҳрирдаги “Солиқ кодекси”нинг мазмун-моҳияти билан таништириш борасида Республика ДСБ малака ошириш маркази вилоят филиали раҳбари Орифжон Абдуллаев ўз фикрларини баён қилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда солиқ тизимини ислоҳ қилишда ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Асосий мақсад тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик принципларига асосланган янги солиқ тизимини яратишга қаратилган. Кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилиб, 2019 йилнинг 1 январдан амалиётга жорий қилинди. Жорий этилган ўзгартиришлар тўғри белгиланганлигини ҳамда унинг самарасини бугун ҳар бир тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятида ҳис қилаётгани сир эмас.

Наманган вилоятида 2019 йилда солиқ базасининг кенгайиши ҳисобига бюджет тўловлари бўйича 2018 йилга нисбатан 166 фоизга ўсишга эришилди. Кичик бизнеснинг рақобатбардошлигини ошириш учун шароитлар яратилиши ҳисобига, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг сони 4,6 мингтага етди ёки солиқ ислоҳотларининг бошланишига нисбатан 11,3 бараварга ошди.

Иш ҳақи фондига солинадиган солиқ юки камайтирилди (суғурта бадали бекор қилинди, ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди). Бунинг эвазига, 2019 йил давомида 62,8 мингта иш ўринлари легаллаштирилди ва даромад солиғи 2 баробарга ўсди.

Пенсия жамғармасига тушадиган 3,2 фоизлик мажбурий ажратмалар ва 8 фоизлик суғурта бадалининг бекор қилиниши, шунингдек ягона ижтимоий тўлови ставкасининг камайтирилишига қарамасдан, вилоятда Пенсия жамғармасига белгиланган 910 млрд.сўмлик прогноз 1,2 трлн.сўмга (131 фоиз) ёки қўшимча 279 млрд.сўмга ортиғи билан бажарилди.

Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси устида иш ҳам Солиқ концепциясини қабул қилинишидан яъни 2018 йилнинг июль ойидан бошланган эди. Давлат солиқ хизмати органлари ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлиги принципига асосланган янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқилиши маҳаллий ва нуфузли халқаро экспертлар жалб қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси” тасдиқланди. Кодекс 21 бўлим 71 та боб 480 та моддадан иборат бўлиб, солиқ қонунчилигида қуйидаги янгиликлар жорий этилди:

Биринчидан, солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилди. Солиқларнинг 9 тури, катта бўлмаган корхоналар учун (1 млрд. сўмгача обороти билан) эса айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақланиб қолинди.

Иккинчидан, солиқ органларининг устувор вазифалари сифатида солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик асосида иш юритиш принципи киритилди. Яъни, солиқ органлари солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.
Учинчидан, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ижро этган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани, яъни “манфий” қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилди. Ваҳоланки, амалдаги Солиқ кодексига асосан қўшилган қиймат солиғи бўйича “манфий” қолдиқ фақатгина экспортёрларга қайтарилиб келинмоқда эди.

Мисол учун, 2019 йилнинг 10 ойида маҳсулотини экспорт қилувчилар учун 1,3 трлн.сўм давлат бюджетидан қайтариб берилган. Аммо, бошқа корхоналар томонидан жорий йилнинг шу даврида 1,6 трлн.сўм миқдорида қўшилган қиймат солиғи бўйича манфий қолдиқ суммаси мавжуд бўла туриб, қайтариб берилмаган.

Агарда жорий йилнинг 1 июлидан мазкур тартиб жорий этиладиган бўлса, 2020 йилнинг ўзида корхоналарга қўшимча равишда қарийб 2,0 трлн.сўм миқдорида давлат бюджетидан қайтариб берилади ва бу хўжалик субъектларининг молиявий ҳолатини яхшилашга олиб келади.

Тўртинчидан, ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ органлари томонидан асоссиз ундирилганлиги учун, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш белгиланди. Олдинги Солиқ кодекси бўйича ортиқча олинган маблағларнинг ойлар давомида чўзилиб қайтарилиши тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятига зиён етказган бўлса, эндиликда солиқ органи тадбиркорларга ортиқча тўлов суммасини қайтариш билан бирга ҳар бир кечиктирилган кун учун фоиз тўлаб беради.

Бешинчидан, солиқ қарзини дебиторларидан ундириш тартибидан воз кечилмоқда. Ушбу тартибни бекор қилиниши солиқ қарзини учинчи шахс ҳисобидан ундирилишига чек қўйилиб улар томонидан ўзларининг маблағларини мустақил равишда тасарруф этиш имконини беради. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида коллегиал органлар (комиссиялар) иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Депутатларга берилган ваколатларни янада оширган ҳолда, маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар бўйича қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тақдим этилиши белгиланди.

Солиқ органлари томонидан ахборот технологиялари асосида амалга ошириладиган солиқ текширувларининг янгича тартиби жорий этилмоқда.

Эндиликда солиқ текширувларини ўтказиш учун номзодлар инсон омилисиз, дастлаб камида 42 та мезонлар асосида таҳлика-таҳлил (риск-анализ) дастури ёрдамида танланади.

Таҳлика-таҳлил асосида хўжалик субъектларини хавфлилик даражасига қараб 3 та сегментга (яшил, сариқ ва қизил йўлакларга) ажратади ҳамда камчиликлар аниқланган тақдирда, солиқ назоратининг янги камерал текширув, сайёр текширув ва солиқ аудити ўтказилади.

Қонунчилигимизга киритилган мазкур ўзгартиришлар мамлакатимизда тадбиркорликка янада эркинликлар бериш ҳамда уларнинг ривожланиши ҳисобига солиқ тушумларини кўпайишига хизмат қилади. Солиқ қонунчилигидаги янгиликлар билан тадбиркорлик субъектлари ҳамда кенг жамоатчиликни яқиндан танишишлари уларнинг ўзлари учун кони фойдадир.

Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди. Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Раҳимжон Ирисов журналистларни солиқ қонунчилигини кенг жамоатчиликка етказишда фаол иштирок этишга чақирди.

Бир пиёла чой устида дилдан суҳбат давом этди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати олган суратлардан фойдаланилди.

--> -->