Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2019 йил якунлари бўйича сарҳисоб ўтказилиб, мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча соҳалари бўйича 2020 йилги устувор йўналишлар тўғрисида маълумот бериб ўтилдики, бу эса шубҳасиз жорий йилда соҳа эгалари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз Мурожаатномасида янги профессионал таълимга оид вазифалар ҳам белгиландики, бу шу юртга алоқадор бўлган ҳар қандай фуқаро учун алоҳида аҳамиятга эгадир.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади. Таълим соҳасидан йироқ бўлган касб эгалари учун қайсидир маънода бу ҳам оддий статистик маълумот бўлиб туйилиши мумкин, лекин аслида мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳар бир соҳасига, жамиятнинг ҳар бир бўғини, ҳар бир оилага бевосита алоқадор бўлган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий воқеадир.

Бундан икки йил аввал , 2018 йилнинг 25 январида қабул қилинган  “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Президент Фармонида ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимидаги қатор муаммо ва камчиликлар кўрсатилиб, соҳа туб ислоҳотга муҳтож эканлиги асосли равишда танқид қилинган эди. 

Аксарият касб-ҳунар коллежларида меҳнат бозорининг талаб ва таклиф қонунига асосланмаган ҳолда тайёрлаган кадрлари тегишли иш берувчиларнинг талабларига тўғри келмас, кадр тайёрлаш жараёни эса иш берувчи корхоналарнинг амалдаги ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилаётган замонавий технологиялардан мутлоқ фарқ қилар эди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимига жаҳоннинг 130 дан ортиқ давлатда амал қиладиган Миллий малака тизими жорий этилмаганлиги ҳамда кичик мутахассис кадрлар тайёрлаб келинаётган таълим дастурлари ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан қабул қилинган “Таълимнинг Халқаро стандартлари”га мос келмаслиги сабабли тайёрлаган маҳаллий кадрларимиз халқаро меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига тўсқинлик қиларди.

Шу сабабдан 14 та Халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ривожланган хорижий мамлакатларнинг муваффақият қозонган тажрибалари ўрганилди. Германия, Швейцария, Корея, Туркия ва Хитой ҳамда ЮНЕСКО, Британия Кенгаши, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Осиё тараққиёт банки, Европа таълим фонди, Туркия ҳамкорлик агентлиги, Хитойнинг Университетлар уюшмаси каби қатор хорижий давлат ва ташкилотлардан 214 нафар нуфузли халқаро эксперт жалб этилди ва улардан зарур хулосалар олинди.

Шундан сўнг, 2019 йил 6 сентябрда “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилиниб, Мурожаатномада келтириб ўтилган Ўзбекистонда мутлақо янги, узлуксиз профессионал таълим тизимига ўтилиши белгиланди.

Мурожаатда келтирилган янги профессионал таълим муассасалари мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб 3 та тоифага бўлинади.

Биринчи тоифа – 340 та касб-ҳунар мактаблари. Таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 3-даражасига мос келувчи дастурлар асосида 9-синф битирувчилари таркибидан ёшларнинг бошланғич профессионал таълим олишини таъминлайди. Бунда 9-синф битирувчилари қабул қилиниб, 2 йиллик таълим дастурлари асосида ўқитилади. Касб-ҳунар мактабларида оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби содда касбларда кадрлар тайёрланади.Ўқувчиларга уч маҳал овқат, стипендия берилиши кам таъминланган оила фарзандларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бирга уларни асосий эътиборини касб-ҳунар ўрганишга қаратишлари учун хизмат қилади.

Иккинчи тоифа - 147 та коллежларда таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 4-даражасига мос келувчи дастурлари асосида ўрта профессионал таълим касб эгалари тайёрланади. Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тизимида фаолият кўрсатадиган ушбу коллежларда ўқувчилар умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари таркибидан қабул қилиниб, касбларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача бўлган муддатда аниқ иш ўрни учун мутахассислар  тайёрланади.

Бу тизим Германия тажрибасида яхши самара берган «дуал» таълим тизими сифатида ҳафтанинг 3 кунида коллежда назарий билим олиш, 3 кунида корхонанинг ўзида бириктирилган уста, мастер раҳбарлигида тўғридан-тўғри келажакда ишлайдиган иш ўрнида амалиёт ўташи режалаштирилган.

Учинчи тоифа – 143 та техникумлар. Таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган бўлиб вазирлик, идора, ташкилотлар тизимида фаолият кўрсатади.

Бунда олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган кичик бакалавр тайёрлаш бўйича кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида камида 2 йил муддатга мўлжалланган таълим дастурлари амалиётга жорий этилади. Энг асосийси 2 йиллик таҳсилдан сўнг техникум битирувчилари тегишли олий таълим муассасасида ўқиган касби бўйича суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Бу тизим эса Мурожаатномада келтириб ўтилган яна бир қувончли янгилик - Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш учун хизмат қилади.

Ўзбекистонимизга янги узлуксиз профессионал таълимни жорий этилиши қувончли ҳолат бўлиши билан бирга, соха вакиллари зиммасига жуда катта, кенг кўламли, мураккаб вазифалар юклайди.

Профессионал таълим жараёнини ташкил этиш ва бошқаришни меъёрлаштирувчи бир қанча қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш, мавжуд қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш, айниқса, олий таълим муассасалари томонидан тасарруфидаги техникумларни бошқаришни методикасини белгилаб берувчи хуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши талаб этилади.

Шунингдек, стандартларнинг янгиланган шаклларини иш берувчилар талаби асосида қайта ишлаб чиқиш, янги ўқитиш методологияси, янги дарслик ва адабиётлар, замонавий инновацион таълим технологиялари ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш, ўқув адабиётлари, китоб ва дарсликлар, электрон таълим ресурслари, инновацион, рақамлаштирилган таълим технологияларини тўлиқ янгилаш, очиқ электрон ресурслар тамоғига улаш, ўқув адабиётларини қайта ишлаш, чоп этиш ва тарқатишкаби муҳим вазифалар қўйилган.

Янги профессионал таълим тизимида фаолият кўрсатадиган рахбар ва педагог ходимлар тўлиқ малака ошириш курсидан ўтказилади, ишлаб чиқариш таълими усталарига бўлган эҳтиёж асосан ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва тадбиркорлик, ахборот коммуникация технологиялари  соҳаларида катта тажрибага эга бўлган мутахассислар, иш юритувчилар, инженер-технологлар, агрономлар ва мастерларни жалб этиш ҳисобига тўлдирилади.

Хулоса қилиб айтганда, ташкил этилаётган янги тизимнинг қанчалик самарали бўлиши, режалаштирилаётган натижаларни олиб келиши нафақат соҳа бўйича ваколатли давлат органларига балки, барча вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотларга ҳамда тегишли олий таълим муассасаларининг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Чунки энди ҳар бир вазирлик ва идоралар тизимидаги корхона ва ташкилотлар учун тайёрланадиган ўрта бўғин ишчи кадрлар сифатига бевосита ўзлари масъулдирлар.

Илҳомжон Сайфуллаев,

Наманган мухандислик-технология институти бўлим бошлиғи.

© namangan24.uz

--> -->