Аввал хабар берилганидек, 2020 йил 28 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг якуний қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Иттифоқда "кузатувчи давлат" мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Шу кунларда, Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан парламент қуйи палатаси қарори ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўляпти. Бу борада икки томонлама, яъни ёқланган ва қарама-қарши фикрлар тинмаяпти.

Хўш, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун Евроосиё Иқтисодий Иттифоқида "кузатувчи давлат" мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқми? Кузатувчиликнинг фойда ва зарарлари нималарда ўз аксини топади? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Акмал Бурхонов билан суҳбатимиз айни шу ҳақида бўлди.

- Акмал Эшондадаевич, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан Ўзбекистоннинг Иттифоқда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди. Сиз нима деб ўйлайсиз, ушбу қарор келажакда Ўзбекистоннинг ривожланишига, айниқса иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмайдими?

- Сўнгги икки ой мобайнида Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласи Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама қилинди. Хабарингиз бор,  ушбу масала Президентимиз томонидан жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий итттифоқи билан ҳамкорлиги масаласи чуқур ўрганилаётганлигини, бу масалага, энг аввало, халқимиз манфаатидан келиб чиқиб ёндашишимиз зарурлигини таъкидлаган ҳолда, парламент палаталарида мазкур масала атрофлича муҳокама қилиниши зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтган эдилар.

Мазкур масалани атрофлича ўрганиш мақсадида Қонунчилик палатасида махсус ишчи гуруҳ ташкил қилинди ва ҳар бир сиёсий партия қошида ҳам мана шундай ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Ушбу масала палатанинг ҳар бир қўмитасида, фракцияларида атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамаларда ҳукумат вакиллари билан бир қаторда, аҳоли, фаоллар ҳамда соҳанинг етук эксперт ва мутахассислари фаол иштирок этишди. Шу аснода, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги бўйича ҳар бир партия фракциясининг позицияси шакллантирилди. Мана шу позицияларни таҳлил қиладиган бўлсак, биронта партия Иттифоқ билан умуман ҳамкорлик қилмаслиги ёки бўлмаса фаол ҳамкорлик қилиши каби кескин фикр билдирмадилар. Яъни ҳар бир партия ўзининг сиёсий платформаси ва сайловолди дастурларидан келиб чиққан ҳолда, Иттифоқ билан ҳамкорликнинг ижобий ҳамда салбий томонлари мавжудлигини билдиришди. Умуман олганда, барча партиялар якдиллик билан Ўзбекистон суверен давлат сифатида, ўзининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, халқаро интеграциялашув жараёнларида иштирок этиши лозимлиги, бу эса ўз навбатида мамлакатимиз ривожига хизмат қилиши кераклигини таъкидлашди.  

Менимча, ҳозир бу ерда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлик ёки бўлмаса унга аъзоликнинг ижобий ва салбий томонлари тўғрисида гапириш шарт эмас, чунки, бу масалалар ОАВда ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Мен бевосита қабул қилинган қарор юзасидан ўз фикримни билдириб ўтмоқчиман.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорда Ўзбекистоннинг Иттифоққа тўлақонли аъзо сифатида эмас, балки унда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги белгиланди.

Евроосиё иқтисодий кенгашининг 2018 йил 14 майдаги қарори билан тасдиқланган “Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, кузатувчи давлат вакили ҳукумат билан Иттифоқ доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, техник, божхона, санитария ва фитосанитария регламентларини тартибга солиш ва бошқа масалалар бўйича доимий алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашга масъул бўлади.

Шунингдек, кузатувчи давлатнинг вакиллари Иттифоқ таклифига биноан, иттифоқ органлари йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинган қарорлар билан танишиш (махфий ҳужжатлар бундан мустасно) ҳуқуқига эга.

Бироқ, ушбу Низомнинг 16-бандида Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи сифатида қўшилган давлат аъзо давлатлар манфаатларига путур етказувчи ҳар қандай ҳаракатдан чекланишга мажбурлиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, кузатувчи мақоми Иттифоқ органларида қарор қабул қилишда иштирок этиш имкониятини бермайди.

Лекин, бир нарсани таъкидлаш керакки, кузатувчи давлат ҳохлаган пайт кузатувчи давлат мақомини рад этиш ҳуқуқига эга.

Ўйлайманки, Иттифоқда кузатувчи давлат мақомида иштирок этиш бизга Иттифоқнинг ички қоидаларини яхши билиб олишга, ҳамкорликнинг оқибатларини бизнинг манфаатларимизга қай даражада мос ёки мос эмаслигини холис баҳолашга ва шу орқали Иттифоқ билан фаол ҳамкорлик қилиш (тўлақонли аъзо аъзо бўлиш) борасида тўғри қарор қабул қилишга хизмат қилади.

- Ушбу қарор бўйича парламент йиғилишида иштирок этган жами 132 нафар депутатлардан 86 нафари тарафдор (ёқлаб), 32 нафари қарши, 14 нафари эса бетараф овоз беришган. Агар сир бўлмаса, Сиз шахсан ўзингиз ушбу қарорга қандай овоз бердингиз? Сиёсий партиялар фракциялари бунга қандай муносабат билдиришди?

- Шахсан мен ушбу қарорга, яъни Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий иттифоқида кузатувчи-давлат мақомида иштирок этишига қарши овоз бердим. Бошқа партияларнинг муносабати ҳақида гапирадиган бўлсам, ялпи мажлисда ҳар бир партиянинг вакили ушбу масала юзасидан фикрларини билдиришди. “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг вакиллари ушбу қарорга қарши эканликларини билдиришди, қолган 4 та партиянинг вакиллари эса Ўзбекистоннинг Иттифоқда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ эканлигини билдиришди. Агар йиғилишда “Миллий тикланиш” партиясидан 30 нафар депутат иштирок этганлигини инобатга оладиган бўлсак, демак 30 та қарши овоз айнан мана шу партиядан сайланган депутатлар томонидан берилган, деган хулоса қилиш мумкин.

Оқилхон Дадабоев ёзиб олди.

© namangan24.uz

--> -->