“Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзларини ўқимаган, тафаккур қилмаган зиёли киши бўлмаса керак орамизда.


Дарҳақиқат, инсонга табиат томонидан беҳисоб сифатлар, имкониятлар ато этилди. Улардан бири - унинг тилидир. Тил алоқа-аралашувнинг энг муҳим ва бетимсол воситаси сифатида инсонлар ҳаётида беқиёс даражада амалий аҳамиятга эга. Одамлар тил воситасида бир-бирлари билан суҳбатлашадилар, мулоқот қиладилар. Аммо ҳамма ҳам тилдан ўринли фойдалана олмайди.

Ҳаётимизда хушмуомала, ширинсўз одамлар билан биргаликда сўзлашиш маданиятидан йироқ кимсалар ҳам учраб туради. Бу тоифадаги кишилар ўринсиз гап-сўзлари билан суҳбатдошининг дилига озор етказади. Шу ўринда халқимиз томонидан айтилган “Тиғ яраси битади, аммо тил яраси битмайди” деган мақолни эслашимиз ниҳоятда ўринли.

Тил ўқув ва билимнинг таржимони ҳам. Кишига рўшнолик, яхшилик ва эзгуликлар тил туфайли келади. Қадр-қимматни ҳам, обрў-эътиборни ҳам киши тил орқали топади. Тили ширин одамларнинг сўзи дилимизга ёруғли бағишлайди, тилидан заҳар томган инсонларнинг сўзи эса қалбни жароҳатлайди. Шуни унутмаслигимиз лозимки, тил – дилқулфинингкалити.

Миллий тилни йўқотиш миллат руҳининг йўқолиши демак. Жамики эзгу фазилатлари нсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – эзгу фазилатлар, юксак туйғулар манбаи. У инсон камолотида бетакрор ўрин тутади. “Қанча кўп тилни билсангиз, шунча яхши. Бироқ одам она тилида тафаккур қилади, она тилида туш кўради, она тилида йиғлайди… Ўлим олдидан онасини она тилида йўқлайди…”, деб ёзган эди ўзбек адабиётининг таниқли ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ўзининг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарида.

Халқнинг озодликка, ўзлигини англаб етишга интилишида тилнинг қадрини тиклаш, нуфузини ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис 1989 йил 21 октябрда она тилимизга давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Мана, 31 йилдирки, бу кунни тил байрами сифатида нишонлаймиз. Зеро, бу шодиёна ўзлигимиз ҳамда миллийлигимиз намойишидир.

Шу ўринда она тилига ҳурматсизларча, беписандларча муносабатда бўлаётган ёшлар ҳақида айрим мулоҳазаларимни баён этмоқчиман. Афсуски, улар озмунча эмас. Тўғри, бугуннинг ёшлари хорижий тилларни ўрганишга иштиёқманд. Бу яхши, бироқ ўз она тилига ҳурматсизлик кечириб бўлмас хатодир. Ўзининг бир неча тил билишини кўрсатиш учун она тилидаги сўзларни бузиб талаффуз қилиш, гапларига ажнабий тил сўзларидан қўшиб сўзлаш асло маданият белгиси эмас. Ёшларга ҳар бир тилдан ўз ўрнида фойдаланиб, ўша тилда гаплашадиган миллат вакилларини ҳурмат қилишни ўргатайлик.

Яна бир ҳолат кўнгилни хира қилади. Юртимизнинг турли ҳудудлари, шаҳримиз кўчаларидаги дўконлар, хизмат кўрсатиш объектларининг номи, яъни уларнинг пешлавҳаларининг аксарияти чет тилда. Тахминимизча, жуда кам одам бу ажнабий атамаларнинг маъносини билади, холос. Ўз ўзбек тилимизда чуқур ва гўзал маъно-мазмунга эга сўзлар кўп-ку, нега ошхонамиз, дўконимиз, хизмат кўрсатиш шохобчамизни ўзбекча номламаймиз? Ўзбек тилидаги атамалар ҳам хорижий тилдан машҳурликда қолишмайди ва ундан паст оҳангда жаранглмайди.

Навоий бобомиз: “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”, деб бежизга айтмаган. Ўзбек романчилигининг асосчиси бўлмиш Абдулла Қодирий мақолаларидан бирида: “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, деган фикрни айтади. Мана, тилга бўлган чин муҳаббат. Ана шу муҳаббат орқали ўзбек адабиётида, ўзбек тилида илк роман вужудга келган. Майли, биз асар ёзмайлик, ўз тилимизда тўғри сўзлашайлик. Уни онамиз сингари ҳурмат қилайлик, сўз моҳиятини англаб сўзлайлик. Чунки Жалолиддин Румий айтганидек, “Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир”.

Аҳмаджон Алохўжаев,

халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати,

“Миллий тикланиш” партияси фаоли.
© namangan24.uz

--> -->