Аксарият юртдошларимиз ўқитувчиларнинг ўқувчиларга қаттиққўллик билан тарбия беришларини  оқламаяпти. Бироқ наманганлик Оқилжон Нажмиддинов эса бунга қўшилмаяпти.

Қуйида у кишининг Фейсбукдаги саҳифасида қелтирган фикр-мулоҳазалари билан танишасиз. Хулоса чиқаришингиз – Сиз азизлардан!

“Бизга таълим берган ўқитувчи, устозларимга бошим ерга теккунча таъзимдаман. Аллоҳ, ўтганларини ғариқи раҳмат, қолганларини ҳамиша сиҳат-саломат қилсин.”

Воқеалар

1) Дарс бошланиши арафасида бир синфдошимиз доскага ёзиш учун қўйилган бўрни парталар остига отиб юборибди. Дарс бошланди, ўқитувчимиз доскага мавзуни ёзаман деса, бўр йўқ. Ҳаммамизни турғизиб қўйди, кейин қизларни чиқариб юбориб, 20 та ўғил болани бирин-кетин савалай кетди. Ўлиб қолганимиз йўқ. Ҳозиргача кулишамиз.

2) Бир гал бир синфдошимиз, сигаретанинг ялтироқ қоғози ичига теннис шарини ўраб дарс вақтида ёқиб юборди, ана томоша, ана “разбор”. “Замдиректор”нинг хонасида комсомолдан ҳайдаймиз дейишди, савалашди. Ўлиб қолганимиз йўқ.

3) Уч-тўрт киши дарсга кирмай, мактабимиз олдидаги боғда фаолият кўрсатадиган бильярд хонага кетиб юбордик. Домламиз бориб, ушлаб келди. Тарс-турс бетга шапатилар тушди, оёқларимизга тепкилар едик.

 

4) География дарсида китоб олиб келмабмиз, яна биринчи партада уч киши ўтириб олганмиз, домламиз “уч кишига бир иштонми?” деб тарсилатиб шаполоқ берди, қўлини бегиз қилиб пешонамизга урарди.

5) Она тили дарсидан устозимиз дафтарнинг қизил ҳошиясига боргунча аввалдан режалаштириб ёз, иложи борича бўғин кўчирма, хатинг текис ва ўқишга осон бўлсин, дерди. Гапига кирмаганларни линейкани ёнлатиб қўлини партага қўйдириб урарди. У вақтда компьютер ҳам йўқ эди, виндовс ҳам йўқ эди.

6) Бир синфдошимиз, яна бир синфдош қизимизни “сассиқ” деб сўкибди. Ана “разбор”, роса калтак еди.

Натижа қандай бўлди?

1990 йилда Наманган шаҳридаги 7-ўрта мактабнинг 11-"б" синфини 30 нафар ўқувчи – шу жумладан, 20 нафар ўғил бола, 10 нафар қиз битирдик. Битта синфда 15 та олтин медаль олдик, 27 синфдошим, мен билан бирга 28 киши олий маълумотлимиз. Фейсбукда синфдошларим бор, исталган бири тасдиқлаши мумкин.

Хулоса

Ўқитувчи, устоз илм беради, ўргатади. Илм бериш йўлида исталган воситалардан, усуллардан фойдаланиши мумкин, шу жумладан куч ишлатиш усулидан ҳам. Шахсий манфаати йўлида бўлса, албатта кечирилмас ҳолат бу, лекин, айнан илм бериш йўлида, тарбия йўлида бўлса, керак бўлса сўкади, калака қилади, керак бўлса уради. Мақсад боланинг тарбияси, шу йўл билан бўлса ҳам тарбиялайди. Яхши гапни тушунмадими, керак бўлса сўкилади, керак бўлса урилади. Ўқитувчисидан, Устозидан сўкиш эшитмаган, калтак емаган бола болами?

Ўқитувчидан қўрқиб, ҳурмат қилиб катта бўлганлар атрофга боқинг, ўқиган даврларингизни эсга олинг. Энди ҳозирги авлод болалари билан бир солиштириб кўринг.

Қандай ҳолат, қандай манзара?

Бир ўзимизга савол берайлик, болаларимизни ҳаддан ортиқ эркалатиб юбормаяпмизми?

Ахир шу эмасми, ўқитувчидан мулойимлик кутганимиз эвазига бир-бирини коллежда пичоқлаётган авлод етиштирганимиз, 7-синф боласи 35 ёшли ўқитувчини хўрласа, озгина меҳнатдан, озгина сабрдан қочиб хотини тарафдан келадиган бойликка кўз тикиб яшаса, кўз тикса майли, талаб қилса, 8-синф қиз ялонғоч баданини расмга олиб ижтимоий тармоққа жойласа, шу-ку тубанликка қараб кетаётганимиз.

Ўқитувчиси тарбия йўлида, илм бериш йўлида сўкса сўксин, урса урсин. Биз ундан тарбияли авлодни, билимли болаларни кутайлик. Агар шундай бўлмаса, ана ундан кейин ўқитувчини сўроққа тутиш керак.

Бу билан мен ёппасига уриб тарбиялаш керак тарафдори эмасман, лекин ўз вақтида қаттиққўллик қилинмаса, бола талтайиб, расво бўлишини назарда тутяпман.

Агар шундай қилинмаса, эртага бу авлод бизни, ота-онасини ҳам уришдан тоймайди.

Ният

Шу ўринда, болаларга ғамхўрликча, қаттиққўллик билан тарбия бераётган, шу болам, шу шогирдим, шу ўқувчим келажакда “одам” бўлсин, деб болалар тарбиясида ёниб яшаётган ўқитувчи, устозлар, боғча опаларга куч-қувват, сабр-қаноат тилайман."

Оқилжон Нажмиддинов,

Наманган шаҳри.

© namangan24.uz

--> -->