Наманган шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгашининг навбатдаги Пленуми танқидий-таҳлилий руҳда кечди.

Унда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари томонидан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, иккинчи ярим йилликда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга алоҳида урғу қаратилди.

Мажлисда шунингдек, ЎзМТДП вилоят кенгашининг 2019 йил декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтажак сайловларга тайёргарлик кўриш, партияга аъзолик бадаллари тушуми тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Пленумда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар асосида партия фаоллари ва партия гуруҳлари томонидан бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, 2019 йил декабрь ойида парламент ва маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга муносиб ҳозирлик кўриш, бу борада таъсирчан тусдаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, қабул қилинаётган давлат дастурларининг ижросини таъминлашга яқиндан кўмаклашиш барча даражадаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигига алоҳида урғу қаратилди.

- 2019 йил партиямиз учун жуда катта синов ва масъулиятли давр ҳисобланади, - деди ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши раиси Ғайратжон Тўйчибоев. – Декабрь ойида Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлади. Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда юз бераётган изчил ва шиддатли ислоҳотлар жараёнида айрим туман кенгашлари ва депутатлар сусткашликка йўл қўйишга, томошабин бўлиб туришга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Сайловларда муносиб ўринларга эга бўлиш, халқимизнинг ишончи ва меҳр-муҳаббатини қозониш учун уларни баландпарвоз гаплар ва қуруқ ваъдалар билан эмас, балки ҳозирданоқ амалий ишларимиз орқали рози қилишимиз муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ўз иш режасини «халқ – жамият – давлат» манфаатлари нуқтаи назаридан жойларда депутатлик бирлашмаларининг халқ билан мулоқот қилиши натижасида шакллантирди. Шу боис ҳам, замоннинг ўткир саволларига эртага ё индинга эмас, балки бугун тўғри жавобни бериш партиянинг асосий мақсадига айланди. Натижада партия фаолиятида ваъдалар камайиб, амалий ишларга эътибор қаратилди.

Буни  рақамлар мисолида оладиган бўлсак, шу йилнинг ўтган олти ойи давомида вилоят партия ташкилотларига аҳолидан келиб тушган 270 та мурожаатнинг 121 таси ўз жойида ижобий ҳал этилганида кўриш мумкин.

Партия фаолиятида аёллар муаммолари билан ишлаш бўйича янгича ёндашув, яъни: муаммоларни уйма-уй юриб ҳудудлар, маҳаллалар, хонадонлар кесимида мунтазам таҳлил қиладиган ва амалий ёрдам кўрсатувчи “Уйма-уй” лойиҳаси ўз самарасини бермоқда. Партия “Аёллар қаноти”нинг ушбу лойиҳаси доирасида 270 та хонадонга кириш ва мурожаатларни тинглаш натижасида хотин-қизлардан 29 нафари иш билан таъминланди, 17 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди. 15 нафар аёлнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштирилди. 20 нафар бемор фарзанди бор оилаларга эса бепул тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун йўлланма олишига кўмаклашилди.

Партия “Ёшлар қаноти” томонидан ёш авлодни касб-ҳунарга, илмга ўргатишга йўналтирилган “Хизмат - беминнат” лойиҳаси доирасида 63 та ўқув курслари очилиб, уларда 240 нафардан зиёд ўғил-қизга қўшимча бепул таълим берилди.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда вилоятда ЎзМТДПнинг 15 минг 900га яқин аъзоси бўлиб, улар 372 та бошланғич партия ташкилоти атрофида жипслашган. Айни пайтда халқ депутатлари вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган 9 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 51 нафар депутат фаолият олиб бормоқда.

Қайд этиш жоизки, ўтган ҳисобот даврида Наманган вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлик гуруҳлари томонидан сессияларга жами 27 та масала олиб кирилган, тегишли идора ва ташкилотларга эса 307 та депутатлик сўрови юборилиб, шундан 266 таси ижобий ҳал этишга эришилди. Қайд этиш даркорки, ўтган йили вилоятдаги халқ ноибларига бўлган эътиборсизлик ҳақида “Миллий тикланиш” газетасида чоп этилган “Оёғи ердан узилган” мутасаддилар: халқ вакилларининг 33 сўровига беписанд муносабатда бўлиб жавоб қайтармади” номли танқидий-таҳлилий мақоладан кейин вилоятда мутасадди ташкилот раҳбарларининг депутатларга бўлган муносабати тубдан ўзгариб, уларнинг сўровларига ўз вақтида муносиб жавоб бериш самарадорлиги ортди.

- Партия гуруҳлари ташаббуси билан ўтган олти ой мобайнида Қонунлар, ҳукумат қарорлари ва маҳаллий Кенгашлар сессиялари қарорлари ижроси юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларнинг 46 нафар мансабдор шахснинг ахборот эшитувчилари тингланди, бироқ бу бугунги кун талаби даражасида эмас, - деди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Одилжон Маматкаримов. - Бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Ачинарлиси шундаки, мазкур йўналишда Наманган туманида етарли ишлар йўлга қўйилмади. Мингбулоқ тумани ва Наманган шаҳрида эса бирор маротаба ҳам мансабдор шахс ахбороти тингланмади.

Пленумда партия фаолиятини ривожлантириш, дастурий мақсад-вазифаларини бажариш, лойиҳаларини амалга оширишда суткашликка йўл қуяётган Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Норин, Поп, Учқўрғон туманлари партия ташкилотлари раислари, ўз ишига масъулиятсизлик билан қараётган айрим депутатлар кескин танқид қилиниб, фаолиятларини жонлантириш, “мудроқ кайфият”дан халос бўлиш лозимлиги хусусида кўрсатмалар берилди.

Мажлис якунида ЎзМТДП Наманган вилояти кенгашининг 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича Йўл харитаси қабул қилинди. Ўтган давр мобайнида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Пленумда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Узоқ йиллар партия тизимида самарали иш олиб борган журналист Соҳибахон Аъзамованинг ўрнига "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлимида фаолият юритиб келаётган Ўғилой Раҳматуллаева ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши раисининг оилалар, ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Пленумдан кейин ЎзМТДП вилоят кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи ҳамкорлигида “Демократик сайловлар - жамиятимизни демократлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш жараёнининг муҳим сиёсий омилидир” мавзуида ўқув-семинари ҳам ўтказилди.

Оқилхон Дадабоев,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

Наманган вилояти кенгаши фаоли.

© namangan24.uz

--> -->