Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ёшлар саммитида иштирок этиш учун Хитойга бориб қайтдик. Хитой ҳаво йўлларига қадам қўйишимиз билан "Неҳао" каломини эшитдик.

Стюардессаларнинг ҳар бири ҳаммага таъзим билан шу сўзни айтишарди. 8 кун давомида ҳар қадамда шу калом хитойча табассум билан бизга пешвоз чиқадиган бўлди.

Ҳавасим келгани, чинлик тенгдошларимизнинг аксарияти рус, инглиз тилларида бемалол суҳбатлаша оларкан. Аммо, ўз она тилига ҳурмат ва муҳаббати бошқага ҳам юқадиган даражада баланд. 9 та мамлакатдан келган турли миллат ёшлари муҳит туфайли ихтиёрий мажбурий равишда " Неҳао, Шише" каби сўзларни такрорлайдиган бўлишди.

Қайтаётганда, бизнинг тайёранинг "дилбар келинлари" ҳам "Ассалому алайкум", "Хуш келибсиз" дея ўзбекча кутиб олишларини жуда истадим. Афсуски, улар хорижликлар тугул ўзимизникиларга ҳам одатдагидек " Здравствуйте! Добро пожаловать" жумласини ишлатишди.

Шу жойда ҳасфалам пир бўлди, қолди. Кўнглим ғашланди. Парвозга ҳозирланаётганда рус ва инглиз тилида туппа-тузук, равонгина гапирадиган "сирли овоз соҳибаси" ўзбекчани йиғлатиб юборади. Ҳар сафар ўзбек тилида хоҳламай, орланиб гапираётгандек туюлади менга шулар. Хуллас, Она юртимга қайтишда ҳаво йўлларимиздаги муҳитни кўриб, она тилимиз ҳақида ўйлагандим. Уйга келиб, файзибоғга қарасам, бу аҳвол.

Иззатини билган халқ ўз она тилининг ҳурматини жойига қўяди. Тилимизга нисбатан бефарқ муносабатимизни аввало ўзимиз ўзгартирмас эканмиз, бунақа кулгили мурожаатномалар янгилик бўлмай қолади.

Меҳриноз Аббосова,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Ёш ижодкорлар кенгаши раиси,

Зулфия номидаги давлат мукофоти ва “Шуҳрат” медали соҳиби.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->