ҲОКИМЛАРНИНГ ДЕПУТАТЛИККА САЙЛАНИШИГА ЧЕК ҚЎЙИШ КЕРАК!
Шунда ёзилмаган қонунлар ўз асоратини кўрсатмайди

Бугун халқ вакили бўлиб сайланган маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамон халқ ишончини қозона олгани йўқ. Сайловчилар ҳали ҳануз депутат деганда сайловлар вақти ваъда бериб, кейин йўқ бўлиб қоладиган шахсларни тушунишмоқда. Маҳаллий кенгаш депутатларининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ва мажбуриятларини тўла англаб етмаганлиги сабаб кўплаб сайловчилар турмуш тарзини ёмонлашувига олиб келадиган қарорлар қабул қилинмоқда. 

Бугун халқ ишончи туфайли туман Кенгаши депутати бўлиб шуни тушуниб етдимки, ҳокимларнинг кенгаш раислигидан кетишини таъминлаш билан ҳам ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмаймиз. Чунки бугун сессияларда иштирок этаётган депутатлар ҳокимга кенгашни бошқараётган депутат, кенгаш раиси сифатида эмас, ўзи бўйсунадиган ижро ҳокимияти раҳбари дея қарамоқда. Шу вақтгача бўлиб ўтган сессияларда кўпи билан 1-2 депутатни кенгаш раиси ёки бирор сектор раҳбари кўзига тик боқиб савол берганини айтмаса (улар ҳам ҳоким бўйсунувида бўлмаган муассасаларда ишловчилар), қолганлари фақатгина дакки эшитиш учун турғазилганда ерга қарашни қойиллатишади холос.

Ҳа, ўртоқ ҳамкасблар, бугун муаммо ҳокимларни кенгашга раислик қилишида эмас. Ҳамма гап ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни, қонунчиликдаги ваколатларимизни билмасликда. Сайловчилар кўзига тик боқа олмаслигимизда, ўзимизни чинакам халқ вакили деб билмаслигимизда. Виждонан вазифамизни бажара олмаслигимизни сезиб, ўз ўрнимизни бўшатиб қўймаслигимизда. Қайсидир ташкилот раҳбари депутат бўлиб олиб, неча йилдан бери бир туманда ишлаб келаётган бошқа бир ташкилот раҳбари олдига вазифа қўя олмаслигида. Энг ачинарлиси, охирги йўл сифатида қайсидир ўз ҳақ-ҳуқуларини, қонунлар назоратини талаб қилган депутатни депутатлик ваколатидан маҳрум этиш масаласи ўртага қўйилганда ўз обрўйимизни ўйлаб, ҳеч иккиланишсиз қўл кўтариб овоз беришимизда.

Жойларда ижро органи раҳбари бўлган ҳокимларнинг маҳаллий парламент вазифасини бажарувчи кенгашларга сайланиши ҳамда ўз-ўзига ҳисобдор, назоратчи бўлиб қолаётгани давлат бошқаруви соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўлиб қолмоқда.

Афсуски, яккаҳокимликка ўрганган ва жамоатчилик назоратини, танқидини қабул қилолмайдиган ҳокимлар томонидан Кенгашнинг эркин фаолият юритишига ва депутатларнинг бемалол фикр билдириш имконияти иложи борича чекланади. Ўз-ўзидан депутатлар ҳам сен менга тегма, мен сенга тегмайман муҳитига мослашиб қолади. 

Кенгаш фаолиятига қандайдир ижобий ўзгариш киритиш учун ҳокимларни кенгашга раҳбарлик амалиётини бекор қилиш эмас, ҳокимларнинг депутатликка сайланишига чек қўйиш афзалроқ. Ана шундагина ижро ҳокимиятидан ҳоли кенгаш мустақил равишда муаммоларни таҳлил қилиши оз бўлсада халқнинг дардига малҳам бўлиши мумкин.

Шу билан бирга Кенгаш чинакам мустақил бўлиши учун у моддий-техник жиҳатдан ҳам мустақил бўлиши лозим. Яъни, ўзининг алоҳида биноси ва ижро аппарати бўлиши керак. Шундагина ҳокимларнинг бевосита депутатларга бўлган таъсирини йўқотишга эришиш мумкин. Агар биз ҳозир кенгашнинг мустақил фаолиятини ташкил қилмасак, Юнусобод метроси билан рўй берган фалокат, Бухоро ва Сардобадаги каби талофатлар охиргиси бўлмайди. Ижро ўргани ўзини-ўзи танқид қилишда давом этар экан, жойларда аҳоли муаммолари ўз ечимини топмасдан қолаверади.

Депутат ўз ҳақ-ҳуқуқларини билса бас, ҳозирги қонунчилигимизда ҳам барча шароит ва имкониятлар яратилган-ку, дейишингиз мумкин. Аммо бир ҳақиқатни унутмаслик керак: ёзилган қонунлардан устун бўлган ёзилмаган қонунлар бор. Қандай қилиб ижро ҳокимияти раҳбари бошчилигидаги кенгаш яна ижро ҳокимиятини танқид қилиб ундан вазифасини сўрайди ахир?

Кенгаш раислигига келадиган бўлсак, қайси партия ўша ҳудудда кўп депутатлик ўрнига эга бўлса ана ўша партия вакили кенгашга раислик қилиши даркор. Шундагида партиялар ўртасида ҳам чинакам сиёсий рақобат вужудга келади. 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати.

© namangan24.uz

--> -->