Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан Нодиржон Илҳомжонович Мухторов Республика Адлия вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Нодиржон Мухторов 1982 йил 19 январь куни Наманган вилояти Поп туманида туғилган. Маълумоти олий, 2003 йили Наманган Давлат университетини (бакалавр), 2005 йили Тошкент Давлат юридик институтини (магистратура) тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос. Юридик фанлари номзоди илмий даражасига эга.

Меҳнат фаолияти давомида 2006-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтида девонхона мудиридан бўлим бошлиғигача, 2014-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати лавозимларида иш олиб борган.

Нодиржон Мухторов 2018 йилдан янги тайинловга қадар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раисининг ташкилий-кадрлар ва мафкуравий масалалар бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Нодиржон Мухторов иш бошлаган вазирлик бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли фармонига биноан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўриш ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

“Namangan24.uz” сайти янги лавозимда иш бошлаган Нодиржон Илҳомжонович Мухторовга келгусидаги фаолиятида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->