Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ушбу эзгу ғоя ва ташаббус яқинда вилоятимиз бўйлаб Президент Администрацияси ҳамда Халқ қабулхоналари томонидан cуд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил этилган оммавий сайёр қабулларда ўзининг амалий ифодасини топди. Наманган шаҳри, Учқўрғон, Косонсой ва Чуст туманларида одамлар билан бўлиб ўтган жонли мулоқот асосида ҳар бир масалага қонуний ечим топиш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилди.


Ички ишлар вазирлиги масъуллари билан аввалги ва бу галги мулоқотлардан сўнг илгари соҳадаги хизматидан ноҳақ бўшатилган майор Анваржон Турғунов, капитан Беҳзодбек Мадаминов, катта лейтенант Элмурод Бойхонов, кичик сержант Жаҳонгир Шокиралиев, сержант Камолиддин Манзуров, сафдор Элёр Ҳусановнинг неча йиллик сарсонгарчиликлари барҳам топди. Уларнинг Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига йўллаган, олдин ўтказилган шундай қабуллардаги мурожаатлари ўрганилиши ва натижада ички ишлар вазирининг хулосасига асосан бу олти нафар собиқ ИИБ ходими махсус унвонлари билан орадаги узилиш хизмат муддатига қўшилган ҳолда ички ишлар органларига ишга тикланди.

Президентимиз асос солган халқ билан мулоқот тизими боис масъуллар уларнинг дарду ташвишларини эшитди, муаммосини холис ўрганди, судда ва тизим раҳбарлари олдида уларнинг айбсизлиги исботланиб, бугун яна ўз ишига қайтарилди.

Айтайлик, Наманган шаҳар ички ишлар тизимида жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили бўлиб ишлаган катта лейтенант Элмурод Бойхонов ўтган йили карантин вақти бир банк ходими ковид хасталигига чалингани ҳақида тоғасининг ўғлига аудиоёзув юборгани, тоғавачча эса уни танишларига улашгани можарога айланади. Оқибатда хизмат текшируви ўтказилиб, 2020 йил 13 апрелда у ички ишлар органи ходими, деган юксак номга доғ тушишига йўл қўйганлиги учун ишдан бўшатилади. Сўнг катта лейтенант Бойхонов судга арз қилади. Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди эса 2020 йил 21 июлдаги ҳал қилув қарорида уни ички ишлар органлари хизматидан бўшатилиши ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб, ишга тиклаш ҳақида қарор қабул қилади. Бугунги қабулдаги мурожаатдан сўнг эса катта лейтенант Элмурод Бойхонов Уйчи тумани ички ишлар бўлими пробация гуруҳи инспектори лавозимига тайинланди.

Кичик сержант Жаҳонгир Шакаралиев ва сержант Камолиддин Манзуров йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида ишлаган. 2019 йил 25 ноябрь куни улар “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлида автомобиллардан бирини тўхтатишган. Бу фаолиятни кузатиб турган масъул ходимлар олган тезкор видеотасвирларга кўра эса, улар ҳайдовчидан пулга ўхшаш нарсаларни олиб, автомашина ҳужжатларини қайтариб берганлиги, бу хатти-ҳаракат шубҳали экани сабабли хизмат текшируви тайинланган. Бу текширув натижасида улар ҳам ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этган, деб топилиб, 2020 йил 6 январда ишдан бўшатилган. Ушбу иш ҳам судда кўрилгач, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди 2020 йил 22 июлда сержант Камолиддин Манзуровни, 2020 йил 15 декабрда эса кичик сержант Жаҳонгир Шакаралиевни оқлади. Суднинг ҳал қилув қарорларига кўра, уларни ички ишлар органларига тикланиши белгиланди. Галдаги мулоқотлардан сўнг кичик сержант Жаҳонгир Шакаралиев патруль-пост тизими ҳайдовчиси, сержант Камолиддин Манзуров эса Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспектори вазифаларига ишга қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, мулоқотлар жараёнида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раҳбарлари кўриб чиққан 451 та масаланинг 239 тасига жойида ўз ечимини топди. Эътиборлиси, қабуллар доирасида бир қатор маҳкумларнинг мурожаатлари асосида иши қайта кўриб чиқилди.

Жумладан, наманганлик Жамолиддин Зайниддинов косонсойлик қариндоши Нодир Зуннуновнинг ишини қайта кўриб чиқиб, адолатли ечим топиб беришни сўради. Гап шундаки, Нодир Зуннунов фирибгарлик қилгани учун жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг 2020 йилдаги ҳукмига кўра, 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Лекин Жамолиддин Зайниддиновнинг айтишича, улар қариндоши етказган зарарни қоплаб берган. Бу иш ҳам Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида атрофлича кўриб чиқилди ва мазкур суд ажрими билан Нодир Зуннунов қамоқдан озод этилди.

Комила Набиева эса Олий суд масъулларига қамоқда белгиланган жазо муддатини ўтаётган турмуш ўртоғи қилмишларига яраша жазо олаётганини, лекин унинг саломатлиги ёмонлашаётгани учун унинг ишини қайта кўриб чиқишларини илтимос қилди. Фарзандларини ёлғиз ўстираётган онанинг мурожаати асосида бу иш ҳам қайта кўриб чиқилиб, эрининг жазо муддати 5 йилга қисқартирилди.

Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича ўтказилган сайёр суд мажлисларида жами 90 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди, томонлар ярашгани ёки зарарлар қоплаб берилгани  муносабати билан 15 та жиноят иши, 102 та маъмурий иш юритувдан тугатилди.

Айни шу қабуллардаги мурожаати боис Исомиддин Раҳимов ҳам ҳаётини ўнглаб олиш имконига эга бўлди. У фирибгарлик қилгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Сўнг айбдор томон зарарни қоплаб бергач, жабрланувчи тараф бошқа даъвоси йўқлигини айтгач, бу иш ҳам судда апелляция тартибида қайта кўриб чиқилиб, унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди. Ўтган даврда Исомиддин Раҳимов ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг маълум қисмини тартиб билан ўтади, бошқа ҳуқуқбузарлик содир қилмади, айбидан етарлича хулоса чиқарди. Шу боис бу гал унинг иши яна қайта кўриб чиқилиб, жазони ўташдан муддатидан илгари озод этилди.

Косонсойлик 30 ёшли Музаффар Маҳзумовга эса ўғрилик қилгани учун 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. У ҳам айбига иқрорлиги, намунали хулқи, қонунларни ҳурмат қилишга ўргангани ва ахлоқан тузалгани учун унга ҳам белгиланган жазо шартли равишда муддатидан аввал бекор қилинди.

Янгиқўрғонлик Ҳафиза Абдуллаева эса ўғрилик жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган, бироқ у судгача жабрланган томонга зарарни қоплаб бергани боис томонлар яраштирилди ва бу иш юритувдан тугатилди.

Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 125 та масаланинг саккизтасига жойида ечими топилди. Масалан, Косонсой туманидаги 30-сонли мактабгача таълим ташкилоти вакилларининг шикоят қилишича, улар ишлаган муассасада 2019-2020 йилларда таъмирлаш ишлари олиб борилгани сабабли ходимлар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда бир йил бўш қолган, бироқ уларга ойлик иш ҳақлари тўланмаган. Мурожаатдан сўнг адлия тизими вакиллари ёрдамида уларга 1 йиллик иш ҳақлари ундириб бериладиган бўлди.

Уйчилик Абдураҳмон Мамажонов ва турмуш ўртоғининг тадбиркорлик объекти бузилиб, бозор ҳудудига қўшиб берилган, бироқ уларга ваъда килинган компенсация пули ва ер майдони ҳанузгача ажратилмаган экан.


Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов мазкур масалани атрофлича ўрганиб, қонуний ҳал қилиб беришни ўз зиммасига олди. Шу каби мурожаат асосида 2005 йилдан буён бошпанасиз, ижарама-ижара сарсон юрган Наргиза Аҳмедова уй-жой билан таъминланадиган бўлди.

Эътироф этиш лозимки, Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманлари ҳудуди аҳолиси қамраб олинган оммавий қабулларда 926 мурожаатчининг 942 та масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 378 таси жойида ҳал этилди, 203 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 361 та мурожаат назоратга олинди. Қабулларда муаммолари ҳал бўлган 157 киши эса Президентимиз номига ёзма ташаккурнома йўллади.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz ахборот-таҳлилий портали раҳбари.
Муаллиф олган суратлар.

--> -->