Халқимиз тез тиббий ёрдам хизматидаги лоқайдлик, сансоларлик ва масъулиятсизлик кўринишларига асло тоқат қила олмайди.

Инсон саломатлигини сақлаш ва бемор ҳаётини муҳофаза қилиш тез тиббий ёрдам тизимининг энг муҳим вазифаси ҳисобланади. Шу боис ҳам шошилинч тиббий ёрдам тизими фаолиятини такомиллаштириш масаласига устувор аҳамият берилмоқда. Кейинги йилларда қабул қилинган Президент фармон ва қарорларида бу йўналишдаги долзарб вазифалар белгилаб берилган.

Наманганда мазкур ҳужжатлардаги вазифалар ижросига изчил киришилган. Аввало, тез тиббий ёрдам тизими автопарки янгиланди. 123 та энг замонавий санитар автомашиналари олинди. Тез тиббий ёрдам бригадалари кўпайтирилди. Тез тиббий ёрдам хизматининг ҳар бир чақирувига аввал дори-дармон учун 625 сўм маблағ ажратилган бўлса, ҳозир бу миқдор саккиз баробарга ортиб, 5000 сўмни ташкил этди.

Шундай бўлсада, айрим мутасаддиларнинг бепарволиги, баъзи ходимларнинг эътиборсизлиги, энг ачинарлиси сансоларлик каби салбий ҳолатлар учраб турибди. Бу шу яқинда Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) Наманган филиали тез тиббий ёрдам марказий бўлими ва ҳудудлардаги шаҳобчаларда ўтказилган тезкор ўрганишда бу яққол исботини топди.

РШТЁИМ Наманган филилали раҳбарияти томонидан назорат бўшаштириб юборилганлиги оқибатида Наманган шаҳри аҳолисига хизмат кўрсатишда бир қатор камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилмоқда. Айниқса, Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам марказий бўлими иши қониқарли эмас, туну кун навбатчилик қиладиган диспетчерлар сони кам, телефон тармоғи ҳам меъёрдагидан оз, чақирувларни қайд қилишда камчиликлар кўп.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминовнинг шахсан ўзи бошчилигида марказий тез тиббий ёрдам бўлими, “Ирвадон”, “Мингчинор”, “Давлатобод”, “Лола”, “Сумалак” шаҳобчаларида ўтказилган ўрганишлар давомида бир қатор камчиликлар ўрнида бартараф этилиб, мутасаддиларга ечимини кутаётган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Шу ўринда савол туғилади? Наманган вилояти тиббиётидаги ислоҳотларни изчиллик билан олиб бориш, тизимдаги камчиликларни бартараф этиш учун фақат бошқарма бошлиғининг ўзи масъулми? Нега бошқарманинг бутун бошли жамоаси, вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасалари, шу жумладан шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасалари раҳбарлари қачон “уйғонишади?”. Дўхтирларимиз ўз виждонларини ишга солиб, бошқарма бошлиғи Солижон Мўминовнинг ёнига қачон кирадилар? Таассуфки, бугунги кунда вилоятда соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларига муаммолар бўйича халқимизнинг саволлари кўп! Аммо бунга бериладиган амалий жавоблар эса...

РШТЁИМ вилоят филиали тез тиббий ёрдам бўлими фаолиятини қисқа ўрганиш пайтида фош этилган қатор салбий ҳолатлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг куни кеча ўтказилган кенгайтирилган тиббиёт ҳайъати йиғилишида атрофлича муҳокама этилди.

РШТЁИМ Наманган филиали раҳбариятидан, тез тиббий ёрдам бўлими ва унинг шаҳобчалари мутасаддиларидан йўл қўйилган камчиликлар юзасидан изоҳ сўралди.

Ҳайъат йиғилиши қарорига кўра, РШТЁИМ Наманган филиали директори Рустамжон Юнусовга 10 кун муддат ичида аниқланган камчиликлар бўйича қайта мониторинг қилиш ва бир ой муддатда уларни бартараф этилганлигини ҳақида муҳокама йиғилиши ўтказиш топширилди. Шунингдек, фаолиятни тубдан такомиллаштириш билан боғлиқ вазифалар юкланди.

Диспетчерлик хизмати ишини яхшилаш, айниқса, чақирувларни қабул қилиш ва тез тиббий ёрдам бригадаларига етказишни таъминловчи замонавий алоқа тизимини ишга солиш, интеграциялашувда интернет алоқасини ўрнатиш, тиббиёт ходимлари муомала маданиятини юксалтириш зарурлиги уқтирилди.

Масъулиятсизлиги оқибатида хизмат вазифасини етарли даражада бажармаган ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди. Хусусан, 3 нафар соғлиқни сақлаш ходими вазифасидан озод этилди. 30 нафардан зиёд тиббиёт ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Умид қиламизки, бу Наманган вилоятидаги тез ёрдам хизмати тизими, қолаверса вилоятдаги барча соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларига, айниқаса ўз ишига виждонсизларча қараётган масъулиятсиз врач ва ҳамширалар учун сабоқ бўлади.

Абдулла Ғозиев,

“Шифкор ва ҳаёт” газетаси муҳаррири.

© namangan24.uz

--> -->