Мамлакатимиз вилоятларида ҳар йили қиш мавсумида метан гази билан боғлиқ муаммо учраб туриши сир эмас. Декабрь ойи кириши билан жойларда автомобильларга газ қуйиш шохобчаларида метан газ босими пасайиб кетади, бунинг ортидан газнинг нархи ошади. Табиийки, бундан кейин йўлкира нархлари ҳам ошади. Бу ҳолат водийликлар учун доимий қиш фаслининг доимий совғасига айланиб бормоқда. Бироқ, жорий йилдаги вазият ҳаммасидан ҳам ошиб тушди.

2018-йил 11-ноябрьда табиий газни нархи атига 11 сўмга ошиши, Наманганда метан газни 2100 сўмгача ошиб кетишига сабаб бўлганди. Холбуки, тадбиркорларга етказиб берилаётган метан газининг тан нархи оширилмаган эди. Кўплаб фуқароларнинг эътирози, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг огоҳлантириши ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Наманган шаҳар ижро этувчи аппаратининг давомий ўрганишлари натижасида нархларни меъёрида ушлашга эришилди.

Аммо монополия ўз сўзини айта олди.

Газ қуйиш шохобчаларининг катта қисми маълум қўлларда тўплангани соғлом рақобатга таъсирини кўрсатиб, нархларнинг ўйноқлигига сабаб бўлмоқда. Гўёки, дўкон сотувчилари томонидан маҳсулоти учун акция эълон қилинганидек, газ қуйиш шаҳобчалари ҳам Наврўз айёми учун акция қилиниб, метан гази нархини 1700-1750 сўмга туширилди. Байрам якунлангач, акция муддати ҳам тугаб нархлар яна 2100 сўмдан берила бошланди. Тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятларни суистеъмол қилиб, нафс қурбонига айланаётган айрим “бизнесменлар“ га инсоф тилаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳамда Наманган вилоятидаги шу соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарларидан ана энди амалий чора кутиб қоламиз.

Ҳусанбой Алиев,

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

Наманган шаҳар ижро  этувчи аппарати раҳбари.

© namangan24.uz

--> -->