Ҳалол меҳнат қандай тотли! Жисмоний меҳнат қандай завқли!

Ахир дунёда жисмоний меҳнатга ташна бўлиб ётганлар қанча? Қолаверса, ўз қишлоғида, ўз юртида – Ўзбекистон деб аталмиш серқуёш диёрда яшаш, ишлаш бахт эмасми? Аммо интернетда “Провозащитный Альянс Узбекистана” ташкилотининг матбуот маркази “Наманган вилоятида ўқитувчи ва шифокорлар пахта теримини бошлашди. Мажбурий меҳнат ҳолати қайд этилди” хабари билан меҳнат завқини қора кўзойнак орқали тарқатмадимикан?

Носирали Нозимовнинг сўзи:

- Фермер хўжалигида иш юритувчиман. Ҳозир 1 кг. терилган пахтанинг нархи 800 сўмдан 1200 сўмгача. Қишлоқ одамларининг асосий даромади қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши, йиғиштириб олинишидан келадиган маблаққа боғлиқ. Шунинг учун кунига 100 нафардан ортиқ одам теримга чиқмоқда. Энг кўп терган теримчи 215 килони дўндирди. Бу 172 минг сўм демакдир.

11 сентябрь куни Тошкент автомагистраль йўлидан қора рангли, “Мерседес” русумли микроавтобусдан 6 киши тушиб келишди. Кечгача пахтазордагилар билан суҳбатлашишди. Дронда тасвирга олишди. Бирор одам ўтириб олса бошингиз оғрияптими, нечта болангиз бор, пахта теримига ким мажбур қиляпти, ота-онасига сув, чой келтирган ёки дала четида сигир боқаётган болаларни пахта теримида гумон қилишиб саволу сўроқларга тутишди. Нима, ўз хоҳишимиз билан ишлаб, пул топиб яшашга ҳаққимиз йўқми?!

Мунира Ёқубалиеванинг сўзи:

- Поп туманига қарашли 41-сонли мактабда тарбиячи бўлиб, 2017 йил февраль ойидан хомиладорлик таътилига чиққанман. Мен ишга қайтмаганман. 2019 йил 11 сентябрь куни оилам бюджетини ошириш учун ўз хоҳишим билан пахта теримига чиқдим.

Мени ҳеч ким пахта теришга мажбурламаган. Вақтинча ишсиз бўлганим учун оиламиз бюджетини кўтариш мақсадида ўз хоҳишимга кўра ишлаганман.

Носирали Норбоевнинг сўзи:

- Янгиер ҚВПда ярим ставкада қоровулман. Ишдан бўш вақтимда қурилишда ишлайман. Ҳеч қачон пахтага чиқмаганман. Менга туҳмат қилганларга чора кўришларингни сўрайман.

М. Дусматов, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори маълумотидан:

-Ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева томонидан Поп туманида жойлашган “Янгиер Поп” фермер хўжалигида пахта теримида ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари жалб қилинган деган мазмундаги маълумотга аниқлик киритиш мақсадида ўрганиш ўтказилди. Таълим, тиббиёт ва бошқа ташкилот ҳамда  муассаса ходимлари, шунингдек, вояга етмаган шахслар пахта теримига жалб қилинмаганлигини аниқладим.

Бу сўзлар уларнинг тилларидан ёзиб олинди. Энди жаҳонга жар солаётган ушбу ахборотнинг қай даражада холис ва қай даражада профессионал ёндошилганига эътибор қаратайлик.

Теримчи Маҳлиёнинг телефон рақами +99 899 393 15 75 деб ёзилган. Унга қўнғироқ қилсак, Поп тумани “Яккатут” МФЙ, Обод кўчаси, 40-уйда яшовчи Яшнар Йўлчиев бўлиб чиқди.

Муаллиф суҳбатга тортган Мунира Якубаева эмас, юқорида ёзилганидек Мунира Ёқубалиева!

Муаллиф ёзганидай Яхьяев фамилияли фермер туманда умуман мавжуд эмас.

Юқоридаги ерлар “Янгиер Поп” фермер хўжалиги (раҳбари Элбек Сотволдиев)га қарашли.

Халқимизда “Мен нима дейман, қўбизим нима дейди?” деган ҳикмат бор. Дунёга жар солувчилар ҳам ўзбекнинг шу ҳикматига амал қилишса эди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқона сиёсати, шунингдек, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳақидаги буйруқ ва чақириқлари бугун ҳар бир шахснинг нафақат қулоғига, қалбига ҳам муҳрланган.

Мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳолатини “нишонга олган” Елена Урлаеванинг қарашлари бизнинг умумий сиёсатимиз, умумий йўлимиз билан бир ҳил. Бироқ, қарашларда бироз фарқ бор! Энг муҳими, уруш окопларидаги фуқаролар, оч-ноҳор болалар ҳуқуқи ҳақида жон койитайлик. Мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиб тинч меҳнат қучоғида, далалар кенглигида, шўх-шодонлик билан ишлаётган фуқароларни тинч қўяйлик!

Раҳимжон Ирисов,

журналист.

© namangan24.uz

--> -->