Наманган шаҳар ҳокимлигининг катта мажлислар залида вилоят мактабгача таълим ходимларининг “Жонажон Ўзбекистоним мангу бўл омон” эзгу ғояси асосидаги анъанавий август кенгаши бўлди.

Тадбирни Наманган шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулҳоди Иминов олиб борди.

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров ўз нутқида бугунги кунда мактабгача таълим тизими олдида турган энг муҳим вазифаларга эътиборни қаратди.

Хусусан, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамровини ошириш, нодавлат ва давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ҳамда оилавий боғчаларни кўпайтириш, соҳада олий маълумотли, салоҳиятли педагог кадрларга аҳамият бериш, тарбияланаётган болаларнинг соғлиғини ва соғлом овқатланишини таъминлаш, санитария қоидаларига жиддий риоя этиш каби кераклигини билдирди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова ўз маърузасида кейинги бир йил мобайнида амалга оширилган ишларни таҳлил этди. Қўлга киритилган ютуқларни қайд этиш асносида йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам фикр юритди.

Ватан келажаги ҳисобланган ёш авлод ҳақида ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида баҳоланаётган Президентимизнинг мактабгача таълимга оид қабул қилган қатор қарор ва фармонлари, йиғилиш ва учрашувларда берган кўрсатмалари соҳа ходимлари учун дастуриламал экани таъкидланди.

Шу ўринда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини эслаш жоиз: “Мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас. Ёшлар тарбиясига бугундан эътибор бермасак, эртага кеч бўлиши мумкин.”

Бу фикрлар замирида ҳам келажак авлоднинг комил инсонлар қаторидан ўрин  олиши ҳақида ғамхўрлик яққол кўзга ташланмоқда. Шундай экан, болаларнинг таълим-тарбиясидан тортиб овқатланишигача юксак талаблар даражасида бўлишига эришиш, кичкинтойлар учун зарур шароитлар яратиш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, малакасини оширишга эътибор, янги қурилаётган боғчаларнинг лойиҳаси мукаммаллигини таъминлаш масалалари мутасаддиларнинг диққат марказида туриши лозим.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги бош мутахассиси Сабоҳат Миржалилова иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Тадбир якунида бир гуруҳ мактабгача таълим соҳасининг фаолларига эсдалик совғалари тантанали суратда топширилди.

Фарҳодбек Абдуллаев,

© namangan24.uz

Суратлар вилоят мактабга таълим бошқармаси томонидан тақдим қилинди.

--> -->