ёхуд қўшалифбочилик qachongacha?

Кейинги пайтда саводхонликдаги “андак бадхатлигимиз” тўғрисида турли гап-сўзлар тез-тез учраб турибди. Албатта, бу бежизга эмас.

Бугун мактаб ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари, ҳатто ўқитувчиларнинг ёзма маҳсулотлари (хат, мақола, конспект ва ҳоказо) да лотин ва кирилл алифболаридаги ҳарфлар қоришиғидан иборат антиқа ёзувга дуч келаётганимиз ва ачинарлиси бунга ажабланмай қўйганимиз (тўғирлаб ўқиб кетаверамиз) бор гап.

Биз, узоқ йиллар мобайнида қатъий бир қарорга келиб масалани бошқа айрим муаммолар сингари қонун, қарор ёки фармон билан кескин ҳал этиб қўя олмаётганимиз оқибатида учинчи алифбо – “кирlot алифбоси” ни яратиб олдик назаримда. Давлат, халқ, миллат ўзлигининг муҳим шартларидан бири бўлган АЛИФБО, ЁЗУВ масаласига беписанд муносабатимиз шу тариқа давом этаверса, ана шу “кирлот” алифбосида қолиб кетадиганга ўхшаймиз.

Қўшалифбочиликни газета ва журналлар таҳририятлари, нашриётлар каби тилимиз, ёзувимиз, адабиётимиз софлигига масъул бўлган соҳалар байроқ қилиб юргани эса... Нима деб изоҳлашни ҳам билмай қолади киши.

Масалан, республика марказий нашрлари – газета ва журналларнинг аксарияти номи лотин алифбосида: “Qishloq hayoti”, “O’zbekiston ovozi”, “O’zbekiston adadiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Ishonch”, “Jahon adabiyoti”, “Шарқ юлдузи” номи иккала алифбода ҳам берилади ва ҳоказо. Энди уларнинг ичидаги материаллар кирилл алифбосида, корхона ва ташкилотлар номлари лотин ёзувида бўлгани туфайли уларнинг мазкур нашрлардаги реклама-тижорат саҳифалари яна лотин ёзувида... Бу кулгили ҳол эмасми? Баски, ҳамма материаллар кирилл алифбосида берилаётган экан, нашрнинг номида ҳам шу ёзувга риоя этиш мақсадга мувофиқ бўлмасмикан, худди “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон” газеталари каби? Ёки тўлиқ лотин алифбосига ўтиш керак.

Бундай манзара давлат ва нодавлат телевидениеларининг барча каналларида ҳам аллақачон қатъий қарор топган: дастурлар, кўрсатувлар ва бошқа барча титр ёзувлари лотин алифбосида берилади.

Бундан ташқари, иш юритиш кирилл алифбосида олиб борилаётганига қарамай мамлакатимиздаги вазирликлар, идоралар, ташкилот ва муасасасалар, корхоналар пештоқини ҳам юқоридан қуйигача лотин алифбосидаги пешлавҳа безаб турибди.

Дунёнинг қайси давлатида шунақа тажриба бор? Бир аср мобайнида тўрт марта алифбосини алмаштириб, бешинчи мартасида ўзгартиришлар киритиб, яна ҳалигача аросатда юрган қайси давлатни биламиз? Биз нима қилаяпмиз ўзи?! Нега ўттиз йилдан бери бир тўхтамга кела олмаяпмиз? Мақсадимиз нима? Қўшалифбочилик қачонгача давом этади? Шу саволга гапни айлантирмасдан аниқ жавоб берадиганлар ҳам борми?!

Акрамжон Сатторов, ЎзA.

© namangan24.uz

--> -->