Президентимизнинг 2017 йил 15 июнь – муборак Рамазон кунларида пойтахтимизда ўтказилган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби» мавзуидаги анжуманида нутқ сўзлаганлари кечагидек ёдимизда. Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ва Андижон вилояти фаоллари билан учрашув чоғида ҳам диний-маърифий соҳа вакиллари олдида турган энг муҳим вазифаларга эътибор қаратдилар.

“ Муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб бошқа кўчаларга кириб кетаётган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди, яъни Ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон ҳунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш - бу Ўзбекистон халкига мутлақо тўғри келмайди”. Бу давлатимиз раҳбарининг мушоҳадага чорловчи фикрлари ва соф ўзбекона талқиндир.

Дарҳақиқат, халқимизда «бу бизга тўғри келмайди», «ярашмайдиган иш» деган иборалар бор ва уларнинг теран мазмуни ҳаммамизга кундек аён. Адашиш, турли нохолис гуруҳлар манфаатини кўзлаб иш ташкил этиш, уларга эргашиш, бизга, халқимизга ва айниқса буюк аждодларига ҳар жиҳатдан муносиб бўлиш иштиёқида ўқиб, изланаёган ёшларимизга мутлақо ярашмайдиган ишлар, диний қадрият, кўрсатмалар аллақачон миллий-маънавий қадриятларимизга вобаста бўлиб кетган.

Қуръони каримнинг илк ояти «Ўқи» деган даъват бўлгани, икки олам сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг муборак ҳадисларидаги «Эй, Аллоҳ, мен сендан 3 нарсадан паноҳ сўрайман. Биринчиси, фойда бермайдиган илмдан, иккинчиси тўймас нафсдан, учинчиси қўрқмайдиган қалбдан асрагин» деган одамнинг умрига зеб бера оладиган тилак-истаклар назаримизда «Дин маърифатдир» деган таъкидга исбот бўла олади.

Диний-маърифий соҳада ўтказилаётган туб ислоҳотлар самарасида юртимизнинг барча гўшаларида муқаддас Ислом дини арконларини адо этиш учун қулай шароит ва имкониятлар яратилиб, бу ўз навбатида халқимиз ўртасида ҳамжихатликни мустаҳкамлаш, миллий–диний қадриятларимизга муҳаббатни янада ошириш, ҳар бир маҳалла, оилада маънавий барқарорликни таъминлащда энг муҳим омилдир.

Бузғунчи мафкура – барча жиноятларнинг боши. Инсоният ўз тарихида қанча уруш кўрган, не-не қурбонларни берган бўлса, барчаси дастлаб ёвуз ғояларнинг туғилиши ва тарғиботидан куч олган. Бошқача айтганда, кўҳна тарих гувоҳ бўлган фожиаларни амалга оширишда миллионлаб кишиларнинг миясига аввало, бузғунчилик ғоялари сингдирилган, сўнгра уларнинг қўлига қурол берилган. Демак, ҳар қандай ёвузлик фикр ва ғоядан бошланар экан, Президентимиз ўртага ташлаган «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори нақадар чуқур маънога эгалиги маълум бўлади.

Пайғамбаримиз с.а.в.нинг яна бир ҳадиси муборакларида «Дарс бир ҳарфдир, такрори эса мингдир» дейилади. Умуман, илм-маърифатга даъват Ислом динимизнинг бош ғояси, таъбир жоиз саналса, асосини ташкил этади. Имом Бухорий хазратларининг «Илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам» деган таъкидлари, ул зотнинг муқаддас ҳадисларни тўплашдек жудаям машаққатли изланишларини асносида  келган хулосалари десак, айни ҳақиқатдир.

Нуруллоҳ Жамолов,

                                                   Наманган шаҳридаги “Яҳёхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.

© namangan24.uz

--> -->