Шу йил 24 сентябрь куни “namanganliklar” телеграм канали орқали Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими ходимлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан видеоматериал эълон қилинди.

Видеолавҳада МИБ шаҳар бўлими ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига аралашгани, у ҳам етмагандек таъминотчи корхоналар ходимларини ўғирликда айлаб, турли хил куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлангани баён этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан МИБ Наманган вилояти бошқармаси томонидан тезкор ўрганишлар ўтказилди. Маълум бўлишича, 2019 йил 24 сентябрь куни МИБ шаҳар бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармони ижроси доирасида Наманган шаҳридаги Меҳнатобод маҳалласида ўтказилган кунлик тадбирлар давомида “Namanganliklar group” корхонасига қарашли интернет-кафе кўздан кечирилади.

Айтиш керакки, мазкур фармонга кўра, МИБ истеъмолчилар, яъни жисмоний ва юридик шахсларнинг энергия ресурслари ва сув таъминотидан фойдаланишда, Назорат қилувчи органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текширишларни амалга ошириш назарда тутилган.

Шунингдек, фармоннинг 4-бандида энергия ресурслари учун ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатлари аниқланда истеъмолчиларни электр ҳамда газ тармоқларидан узиш кўрсатиб ўтилган.

Айни шу асосда, интернет-кафе МИБ ходимлари томонидан электр энергиядан фойдаланиши ҳолати, тўлов интизомига риоя этилиши ўрганилганда ҳеч қандай ҳужжатларсиз, таъминотчи корхона билан шартнома тузмай ва электр ҳисоблагични расмийлаштирмай фойдаланиб келгани аниқланган.

Натижада, ушбу интернет-кафе электр тармоғидан вақтинчалик ажратилиб, электр энергияси қоидаларини бузиш ва тармоқдан узиш далолатномалари расмийлаштирилган ва қайта ҳисоб-китоб қилиш учун таъминотчи корхонага тақдим этилган. Бундан кўринадики, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи корхона вакиллари Президент фармонида кўрсатилган талабларни бажармай, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келишган.

Шу ўринда, виедоматериалда МИБ ходимини тадбиркорга тўсқинлик қилиб, аралашгани, унинг фаолиятига нуқта қўйган, дея эълон қилинган. Ушбу  ҳолат юзасидан корхонанинг ишига аралашиш кузатилмаган, балки электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган субъектга тегиши чора кўрилган.

Яъни, Фармон талаблари асосида, МИБ шаҳар бўлими ходимлари томонидан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракат олиб борилмаган. Фақат истеъмолчи сифатида рўйхатдан ўтмаган ушбу интернет-кафе тармоқдан вақтинча ажратилган.

Яна бир жиҳат, видеоматериалда шунингдек, МИБ ходимлари томонидан таъминотчи корхоналар ходимларини ўғирликда айлаб, турли хил куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлагани кўрсатилган.

Ушбу ҳолат ўрганилганда Бюро ходими томонидан таъминотчи корхона вакили томонидан белгиланган меъёрларга зид равишда ҳисоблагични ўзбошимчалик билан алмаштиришни режалаштираётганини аниқлашиб, таъминотчи корхона вакилларига ўз эътирозларини билдирган.

Бюро ходимларининг “Касб одобномаси” талабларига риоя этилиши ҳамда хатти-ҳаракталари юзасидан қонуний баҳо бериш мақсадида айни пайтда хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича тегишли чора кўрилиб, бу ҳақида қўшимча маълумот берилади.

                                                                       Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси.

© namangan24.uz

--> -->