Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида “WBA”/“IBF” чемпиони, Наманган бокс мактаби тарбияланувчиси, чустлик халқаро тоифадаги спорт устаси, “Рио-2016” Олимпия ўйинлари совриндори Муроджон Аҳмадалиев ўзига тегишли чемпионлик камарларини америкалик Ронни Риосдан ҳимоя қилиши зарур.

Таниқли бокс журналисти Майк Коппинжернинг хабар беришича, Муроджон Аҳмадалиев ва Ронни Риос ўртасидаги ушбу ҳимоя жанги 2021 йил 19 ноябрь куни Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтади. Манбага кўра, кечанинг марказий жангида ўрта вазн тоифасидаги Жейсон Куингли “WBО” чемпиони Деметриус Андрадега қарши рингга кўтарилади.
"Кака"нинг бу галги рақиби Ронни Риос анойилардан эмас. Чунки, АҚШлик боксчи ўз "карьераси" давомида ҳозиргача ўтказган 33 та жангининг 30 таси ғалаба нашидасини суриб, шундан 16 тасида рақибларини муддатидан аввал нокуаут эвазига мағлубиятга учратган.

Маълумот  ўрнида, мазкур жанг ташкилотчиси "Matchroom Boxing" компанияси ҳисобланиб, компания раҳбари Эдди Хирн 525 минг 555 АҚШ доллари эвазига жангни уюштириш ҳуқуқини сотиб олган.

Эслатиб ўтамиз, “IBF” ва “WBА” йўналишлари бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев “профи-бокс”даги сўнгги жангини шу йилнинг апрель ойида Тошкентда собиқ чемпион Рёсуки Ивасага қарши ўтказиб, япониялик рақибини бешинчи раундда мағлуб этишни уддалаган ҳамда чемпионлик камарларини қўлга киритганди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->