Айни кунларда Фижининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати давом этмоқда. Бугун мусобақанинг иккинчи куни доирасида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоамиз аъзоси, янгиқўрғонлик 19 ёшли полвон Адҳамжон Эргашев чемпионликни ҳимоя қилишга эришди.

Ўтган йили Тошкентда ўтказилган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида ҳам халқаро тоифадаги спорт устаси, II ўсмирлар Олимпия ва Осиё ўйинлари совриндори Адҳамжон ғолиб чиқиб, жаҳон чемпионлиги унвонини қўлга киритган эди.

Нуфузли мусобақада 67 килогрaмм вазн тоифасида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган ҳамюртимиз даст кўтариш машқида 141 кг., силтаб кўтариш машқида эса 173 кг., жами 314 кг. натижа қайд этди. Эътиборлиси, унинг бу кўрсаткичини ҳеч қайси рақиби такрорлай олмади. Эътиборлиси, жаҳон чемпионатида учта олтин медалга эга чиққан Адҳамжон ёшлар ўртасида сайёрамизнинг энг кучли атлети сифатида эътироф этилди.

Дарвоқе, Фижидаги мусобақада музаффар спортчимиздан ортда қолган туркиялик Муҳаммад Фурқон Ўзбек кумуш медали, россиялик Зулфат Гараев эса бронза медали билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, бу ғалаба билан полвонимиз 2020 йили Токиода бўладиган ёзги Олимпия ўйинлари учун ҳам қимматли рейтинг очколарини жамғаришга муваффақ бўлмоқда. Маълумот ўрнида, бу Эргашев учун ёшлар ўртасидаги сўнгги жаҳон чемпионати ҳисобланарди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->