Наманган теннис мактабининг тарбияланувчиси Ҳумоюн Султонов ўз фаолияти давомида эркаклар ўртасидаги “Челленжер” халқаро турнирида илк маротаба ярим финалга қадар етиб келди.

Иқтидорли спортчимиз айни кунларда Фарғона шаҳрида давом этаётган “Челленжер” мусобақасида ярим финалгача бўлган ўйинларни ғалаба билан якунлади.

Ҳумоюн мусобақанинг дастлабки учрашувида швейцариялик теннисчидан устун келиб, учинчи даврада швециялик Марк-Андреа Хюслерга қарши кортга чиқди ва 6:3, 6:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Нимчорак финалда эса у франциялик Баптисте Крепаттега қарши кортга тушиб, 6:3, 3:6, 6:1 ҳисобида зафар қучди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи босқичларига чиққан юртимизнинг ягона вакили сифатида Ҳумоюн чорак финалда ҳам ғолиб сифатида эътироф этилди. Эътиборлиси шундаки, юртдошимиз 1 соату 5 дақиқа давом этган қизғин ўйинда дунё рейтингида ўзидан 120 поғона юқорида турган кучли рақиби - америкалик Эван Кингни 7:5, 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Маълумот ўрнида, Султонов “ATP” таснифида 432, Кинг эса 312-ўринда қайд этилган.

Ҳумоюн нуфузли мусобақанинг ярим финалида финляндиялик Емил Руусувуорига қарши баҳс юритди. Нақд уч соатгача чўзилган “драматик” беллашувнинг биринчи сетида рақибига “тайк-брейк”да 6:7(2) ҳисобида енгилган Ҳумоюн кейинги сетни ўз фойдасига ҳал қилди. Бироқ ҳамшаҳримиз ҳал қилувчи учинчи сетда европалик рақобатчисига “тайк-брек”да имкониятни бой бериб қўйди. 6:7(1).

Шу тариқа, Ҳумоюн Султонов “Челленжер” халқаро турниридаги ғолибона юришини финал остонасида тўхтатишга мажбур бўлди.

Оқилхон Дадабоев,

спорт шарҳловчиси.

© namangan24.uz

--> -->