Ўзбекистон суперлигаси ёзги трансфер ойнасининг сўнгги кунларида “Навбаҳор” жамоаси таркиби маҳоратли легионер ҳисобига кучайтирилди. Тожикистон терма жамоаси ва “Истиқлол” клуби (Душанбе) ярим ҳимоячи Эҳсони Панчшанбе “Лочинлар” сафига келиб қўшилди.

Клуб раҳбарияти билан имзоланган шартнома шартларига мувофиқ, моҳир легионер футболчи наманганликлар шарафини икки ярим йил мобайнида ҳимоя қилади. Панчшанбе яқинда Тошкентда бўлган Ўзбекистон-Тожикистон терма жамоалари иштирокидаги ўртоқлик учрашувидан кейин “Навбаҳор” ихтиёрига келди. Пойтахтимизда тиббий кўрикдан Эҳсони “Навбаҳор”даги дастлабки машғулотини ўтказди.

Маълумот ўрнида, 1999 йил 12 май куни Тожикистонда туғилган Эҳсони Панчшанбе футболчилик фаолиятини 2016 йилда бошлаган. Ҳозирга қадар фақатгина “Истиқлол” жамоаси аъзоси бўлган 21 ёшли чарм тўп устаси тўрт карра Тожикистон чемпиони, уч мартадан шу мамлакат кубоги ва суперкубогини қўлга киритган. Бундан икки йил аввал, 19 ёшида Тожикистоннинг энг яхши футболчиси деб топилган. 2018 йили Тожикистон ёшлар терма жамоаси сафида Осиё чемпионатида сардор сифатида майдонга тушган. Айни пайтга қадар ўз юртининг миллий терма жамоаси таркибида 20 та ўйин ўтказган.

Эҳсони Панчшанбе клуб матбуот хизматига илк таассуротларини шундай изҳор қилди:

“Навбаҳор” таркибига қўшилишим аниқ бўлгач, кўплаб наманганлик мухлислар шахсий телеграмимга хабарлар йўллаб, севимли жамоалари сафига қўшилаётганим билан табриклашди. Эзгу тилакларини йўллаган барча ишқибозларга миннатдорлик билдираман. Насиб этса, клуб раҳбарияти ва мухлислар ишончини оқлаб, “Навбаҳор”нинг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман. Фақат мухлислар жамоамизни доимо қўллаб-қувватлаб туришса, бўлгани.

© namangan24.uz

--> -->