Бугун – 2019 йил 6 июль куни Наманганда “Токио сари йўл” шиори остида Халқаро Олимпия кунига бағишланган оммавий спорт сайллари бўлиб ўтмоқда.

Эрта тонгда вилоят марказидаги Темирйўл вокзали майдонида вилоят аҳолисини, айниқса ёшларни спортга кенг жалб қилишни мақсад қилган умумхалқ спорт байрамига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

“Технопарк” савдо марказидан Наманган шаҳар ҳокимлиги биносигача бўлган 3 километрлик масофа бўйлаб спортча юриш бўйича мусобақага старт берилди. 10 мингдан зиёд иштирокчини ўзида қамраган ушбу мусобақада маҳаллалардан келган ҳаваскор спортчилар, 80дан зиёд корхона, ташкилот, муассасаларидан ишчи-ходимлар, ёшлар иштирок этди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, туман марказларида ўтказилган спортча юриш мусобақаларида 127 минг иштирокчи қатнашди. Демак, вилоят миқёсида бу кўрсаткич 137 минг нафар спортчига етди.

Айни маршрут бўйича "Ватанпарвар" ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги спорт машиналари, мотоцикллар ва картинглар иштирокида парад ташкил этилди. Халқаро Олимпия кунига бағишланган тадбирлар, Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида давом этди. Олимпия спорт турлари бўйича вилоят спортчилари иштирокидаги кўргазмали чиқишлар, таниқли спортчилар билан учрашувлар, самолёт, ракета ва автомобиль моделлари ясаш бўйича маҳорат машқлари ўтказилди. Таниқли эстрада хонандалари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилди.

Бугунги тадбирлар оммавий марафонлар ҳамда турли оммавий спорт мусобақалари билан кечгача давом этади ва оқшом соатларида “Уч фаввора” хиёбонида катта гала-концерт билан якунланади.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->