Тўрақўрғон туманидаги “Odil Junior” футбол мактабида 14 ёшгача бўлган болалар ўртасида Ўзбекистон чемпиони унвонини қўлга киритган Наманган вилояти терма жамоаси аъзоларини тақдирлаш маросими бўлди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фарғона вилоятида ўтказилган республика мусобақасида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган вилоятимиз терма жамоаси аъзоларининг катта қисми, яъни, 14 нафари Тўрақўрғон футбол мактабининг тарбияланувчилари эканлигини эътироф этиш жоиз.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров ғолиб ўйинчиларни эришилган муваффақият билан табриклаб, ёш “юлдуз”ларга Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғаларини топширди. Наманган футбол академияси, Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Чортоқ туманларидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларига янги спорт анжомларини тақдим этди.

Чемпион футболчиларга бундан кейинги фаолиятларида ҳам омадлар тилаб, келажакда вилоятимиз футболчилари миллий терма жамоамиз сафида Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этишлари, Ўзбекистонни, Наманган дорвуғини дунёга кенг таратишларини умид билдирилди.

Маълумот ўрнида, Тўрақўрғондаги “Odil Junior” ёш футболчилар мактабига 2016 йили Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори, Хитойнинг “Шанхай СПИГ” клуби аъзоси Одил Аҳмедов томонидан асос солинган. Ўтган йилларда бу масканга келган юздан зиёд ёш иқтидорлари чарм тўп борасида ўз маҳоратларини оширмоқдалар.

“Odil Junior” мактабида яқинда катта ўлчамдаги футбол майдони, сауна, ётоқхона ҳам қуриб битказилди. Эндиги мақсад ушбу футбол мактабига мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан иқтидорли ёш футболчиларни жалб қилган ҳолда, келгусида “Навбаҳор” футбол жамоасига муносиб ўйинчиларни тайёрлаш ва етказиб беришдир.

© namangan24.uz

 

--> -->