Бугун (2019 йил 26 апрель, жума куни) Самарқанд шаҳридаги ўйингоҳда старт олган “Динамо” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон суперлигасининг 4-тур учрашуви ҳозиргина якунланди.

Учрашув ҳар икки жамоанинг ҳужумкор ва шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Ўйиндаги дастлабки хавфли вазият 8-дақиқада юзага келди. Сардорбек Эминовнинг 25 метрлар чамаси узоқликдан йўллаган зарбасига аниқлик етишмади. Орадан беш дақиқа ўтиб, мезбонлар яна бир қулай имконни кўкка совуришди. Ихтиёр Тошпўлатов “Навбаҳор” посбони билан бирга бир чиқиб, дарвозани ишғол эта олгани йўқ.

Учрашувнинг 25-дақиасида “Лочинлар” ҳисобни очишди. Бурчак зарбасидан кейин Азимжон Аҳмедов оширган тўпни қабул қилиб олган Славко Лукич дарвозанинг ўткир бурчагига жойлаб қўйди. 0:1.

35-дақиқада майдон эгалари ўртадаги мувозанатни тиклашга эришдилар. Сардор Эминовнинг ўнг қанотдан амалга ошириган “паси”дан сўнг Қадамбой Нурметов боши билан “Навбаҳор” дарвозага гол урди. 1:1.

Ўйинда туб бурилиш ясай олган “Динамо”чилар 1-тайм охирларида олдинга ўтиб олишди. Катта тезликда олдинга ташланган тиниб-тинчимас Сардор Эминов узоқ масофадан зарба йўллаб, “Навбаҳор” дарвозасига тўп киритди.

Иккинчи бўлимни ҳужумкор руҳда бошлаган “Навбаҳор”чилар ўртадаги фарқни йўққа чиқаришди: 47-дақиқада Александр Касьян бурчакдаги стандарт вазиятдан бурчакдан узатган тўпни боши билан “Динамо” дарвозасига аниқ  йўллади. 2:2.

Ҳисобни тенглаштирган меҳмонларнинг “иштаҳаси” очилиб кетди. Рақиб дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятлар вужудга келтирилди. Саша Касьян 64-дақиқада шундоққина 4 метр узоқда туриб дарвозага ноаниқ зарба берди, ваҳоланки, унинг ёнида ҳеч ким йўқ эди...

Захирадан ўйинга қўшилган Баходир Насимов “Навбаҳор”ни олдинга олиб чиқиши муқаррар эди. Бироқ у 77-дақиқада рақиб дарвозабони билан юзага келган бирга бир вазиятда берган зарбасини “Динамо”нинг поплик посбони Ботирали Эргашев қайтаришга эришди.

Ўйин тўхталишларига қўшиб берилган лаҳзаларда “Навбаҳор” рақиб дарвозаси олдида босимни кучайтирди. Шаҳзодбек Шайманов голга тортадиган икки қулай вазиятдан унумли фойдалана олмади.

Шу тариқа қизғин ва кескин курашларга бой ўтган учрашувда 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди. Севимли жамоамиз “Навбаҳор” кўҳна кентдан бир очко билан қайтадиган бўлди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->