“Навбаҳор” клубининг мураббийлар штабида ўзгариш амалга оширилди. Тажрибали мутахассис Нўъмон Ҳасанов жамоада бош мураббий Андрей Канчельскисга ёрдамчи-мураббий сифатида иш бошлади.

20 йиллик футболчилик фаолияти давомида ярим ҳимоя чизиғида ўйнаган Нўъмон Ҳасанов юртимизнинг етакчи жамоаларида тўп суриб, тўрта карра Ўзбекистон чемпиони ва икки карра кубок соҳиби соҳиби бўлган. Рақиблари дарвозасига 125 та гол уриб, Геннадий Красницкий клуби аъзосига айланган.

Бугунги кунда 49 ёшга тўлган қўқонлик мутахассис мураббийлик фаолиятини 2002 йили Тошкент вилоятининг “Дўстлик” жамоасида ўйновчи-мураббий сифатида бошлаб, ушбу клубни 2002-2003 йилларда бошқарган.

Сўнгра, “Пахтакор - 2” (Тошкент, 2012 йил), “Пахтакор” ўринбосарлар жамоаси (2013 йил), “Навбаҳор” (Наманган, 2013 йил), “Пахтакор” (Тошкент, 2015-2016 йиллар), “Қўқон -1912” (Қўқон, 2016-2019 йиллар) жамоаларида бош мураббий сифатида иш олиб борган. Шунингдек, 2014 йилда “Пахтакор” мураббийлар штабида фаолият юритган.

Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, “Навбаҳор” раҳбарияти моҳир тренер Нўъмон Нурматович билан мавсум якунига қадар келишув битимини имзолади.

© namangan24.uz

--> -->