Шу йилнинг 27 февраль куни Ўзбекистон суперлигасига старт берилди. Бу йилги мавсумни Тошкентнинг “Пахтакор” ва Наманганнинг “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашув бошлаб берди.

Турнинг марказий учрашувидан (2:1 ҳисобида мезбонлар ғолиб чиққан) сўнг, наманганлик мухлислар ўйинни бошқариб борган бош ҳакам Ильгиз Танташевдан норози эканликларини ижтимоий тармоқларда маълум қилишди.

Шунингдек, “Навбаҳор” ишқибозлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон профессионал футбол лигасига мурожаатлар йўлладилар. Мазкур ҳолат юзасидан "qalampir.uz" интернет нашри ФИФА рефериси ва ЎзФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан суҳбатлашди. Қуйида суҳбатнинг айрим қисмларини ҳавола этамиз:

— Суперлига 1-туридан ўрин олган “Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашуви кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Наманганлик футбол мухлислари ижтимоий тармоқларда норозилик билдирди. Бунга қандай муносабатдасиз?

— Дунё футболида мухлислар ўзларининг севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашади. Улар ҳар доим ўз жамоаси тарафини олади. Лекин, мутахассис ҳар қандай шароитда совуққонлик билан, эҳтиросга берилмасдан, холис фикрлаши керак. Кеча ЎФА мажлислар залида ҳакамлар учун семинар бўлиб ўтди. Унда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди. Биз бундай йиғилишларни ёпиқ эшиклар ортида ўтказмаймиз. Энди ҳаммаси очиқчасига бўлади. Суперлиганинг ҳар бир туридан сўнг таҳлилий ёндашиб, ўйинларда йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, кейинги тур учрашувларида мана шундай хатолар қайтарилмаслиги учун очиқ мулоқот қиляпмиз.

Бундай йиғилишлар авваллари бўлмасди. Бўлган бўлса ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтарди. Авваллари ОАВ вакиллари ҳакамлар йиғилишига яқинлаштирилмаган. Ҳозир вазият умуман бошқача. Бизнинг ҳеч кимдан беркитадиган нарсамиз йўқ. Авваламбор, ОАВ вакилларига миннатдорлик билдираман. Сабаби, бундай йиғилишларга қизиқиш катта эканлигини ўз кўзим билан кўриб турибман ва ОАВ вакилларининг футбол қонун-қоидаларини билишга бўлган қизиқиши борлигидан хурсандман.

Олдин ҳакамлар хато қилса ҳам тан олинмаган ёки йўл қўйилган хатоларга кўз юмилган. Энди ундай эмас. Ким хато қилган бўлса, очиқ-ойдин тан олиняпти. Хато-камчиликларни тўғрилаш учун ҳаракат қиляпмиз. ФИФА инструктори ҳакамларнинг йўл қўйган хатоларини кўрсатиб бермоқда. Бундай таҳлилий ёндашиш яқин келажакда ҳакамларнинг савияси ошиб боришига туртки беради.

Биз йиллар мобайнида ҳакамларнинг савиясини ва билимини ошириш учун жиддий эътибор қаратмадик. Энди эса, бу йўналишга жиддий қараймиз ва яқин орада ҳакамлар мактабини очамиз. Англия, Италия, Испания чемпионатларига ўхшаб бизда ҳам VAR (video assistant referee) тизими бўлишини истардик. Айни дамда ушбу тизимни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Бунинг учун стадиондаги барча нарса талабга жавоб бериши керак. Тўғри, бизда бу борада кўплаб камчиликлар бор. Уларни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Иккинчи даврага қадар VAR тизимини офлайн режимида жорий қилишга ҳаракат қиламиз. Чунки, ФИФАнинг ўз талаблари бор. VAR тизимида ишлайдиган ёрдамчи ҳакамларнинг мажбурий ўқиш жараёни бор. Бунинг барчасига вақт керак. Ўйлайманки, 6 ой ичида биз ушбу тизимга тайёр бўламиз.

— Яна ўша саволга қайтаман: “Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашувидан сўнг, наманганлик футбол мухлислари ижтимоий тармоқларда ўйинни бошқариб борган Ильгиз Танташевдан норози эканликларини ва бу вазият учун ЎФА шаффофлик билан иш кўришини маълум қилган. Уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилдими?

— Биз ҳар бир мурожаатни ўрганиб чиқдик. Мухлисларнинг ҳар бир мурожаатини ҳурмат қиламиз. Нима бўлганда ҳам эҳтирос билан эмас, балки таҳлил билан ёндашишимизни ФИФА ҳам ОФК ҳам талаб қилади. Агарда биз ҳам эҳтиросга бериладиган бўлсак, хато кетидан хато қилиб қўйишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам бундай мурожаатларга кеча бўлиб ўтган семинарлардан жавоб олиш мумкин. ЎФАнинг ҳеч кимдан беркитадиган жойи йўқ.

— Шу йилнинг 27 февраль куни “Пахтакор” – “Навбаҳор” ўртасидаги учрашувдан сўнг, ижтимоий тармоқларда наманганлик мухлислар сизнинг қўл телефонингизга қўнғироқ қилишганини, сиз эса қўнғироқларга жавоб бермай, уларнинг рақамларини қора рўйхатга қўшиб қўйганингизни таъкидлашган видеоси тарқалди. Чиндан ҳам улар сизга қўнғироқ қилишдими?

— Сўнги пайтларда қўл телефонимдан фойдаланишга вақтим бўлмаяпти. Шу кунларда иш билан жуда бандман. Қўнғироқларга жавоб беришга доим ҳам вақт бўлавермайди. Кеча бир гуруҳ наманганлик футбол мухлисларини қабул қилдик. Улар билан 1 соатдан ошиқ вақт мобайнида суҳбатлашдик. Эшигимиз барча учун очиқ. Кимнинг қандай саволи бўлса, марҳамат, келиб ўзини қизиқтирган саволига жавоб олиб кетиши мумкин.

Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳамма хато қилади. Вазиятни тўғри баҳолай олмасдан, учрашувни бошқариб бораётган ҳакам адашиб хато қилиши мумкин. Иш бор жойда – камчилик бўлади. Ҳеч ким хато қилишдан кафолатланмаган. Футбол хатолар ўйини. Энг муҳими ҳеч ким атайлаб хато қилмаслиги керак.

© namangan24.uz

--> -->