Наманганда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан спортнинг техник-амалий турларидан бири “ўқ отиш” бўйича оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар ўртасида вилоят очиқ биринчилиги ўтказилди.



27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида “Ватанпарвар” тасарруфидаги спорт мажмуасидаги “Ўқ отиш тири”да илк бор ташкил этилган мазкур мусобақада марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда фаолият юритувчи 64 нафар ижодкор мерганлик борасидаги маҳоратини синаб кўрди.

- Бир неча йиллардан бери “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ишлар, жойларда ташкил этилаётган турли мусобақаларни ёритиш жараёнида дилимиздан бир истак, яъни биз журналистларни техник-амалий спорт турнирларида иштирок этиш умиди ўтганди. Мана, ушбу ниятлар ижобати сифатида, ҳамкасблар дам олиш кунларини спорт билан шуғулланиб, унумли ўтказмоқдамиз, - дейди “Правда востока” республика ижтимоий-сиёсий газетасининг вилоят мухбири Феруза Отахонова. – Қолаверса, ушбу мусобақа ташкилотчиларни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ижтимоий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Асосийси, бундай турнирларни турли соҳа вакилларини қамраб олган ҳолда ташкил этилиши Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросими ҳам унутилмас онларга бой тарзда кечди. Журналистларнинг мерганлик қобилиятларини кузатиб ҳакамлик қилиб борган маҳоратли  мураббий, яқинда “Токио-2020” ёзги Олимпия ўйинларига ўқ отиш бўйича 2 та йўлланмани қўлга киритган наманганлик ёш, иқтидорли спортчи Мухтасар Тоҳированинг устози Муҳаббат Кондакова салмоқли ютуқлари алоҳида эътироф этилиб, унга пул мукфоти ва қимматбаҳо совға тақдим этилди.

Оммавий касб ходимларини тайёрлаш борасида самарали иш фаолиятини олиб бораётган Наманган шаҳар ўқув спорт техника клуби ўқитувчи - ўргатувчи устаси Муроджон Нажмиддиновга хизмат фаолиятида ас қотадиган “Каптива” русумли ўқув автомобилининг калити топширилди.



Очиқ биринчилик якунларига кўра, энг юқори балл тўплашга эришган вилоят телерадиокомпаниясининг тасвирчиси Дилмурод Мусаев ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Алибек Эргашевга насиб этди. ЎзА фотосуратчиси Ҳотам Мамадалиев фахрли учинчи ўринни эгаллади. Аёл-қизлар орасида эса энг яхши кўрсаткични “Севимли” телеканалининг вилоят мухбири Умида Қўшоқова қайд этди.

Мусобақанинг барча ғолиб ва совриндорлари диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди. “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятини ёритишда жонбозлик кўрсатиб келаётган бир қатор журналист ва блогерларга ҳам ташаккурномалар билдирилиб, муносиб рағбатлантирилди.

                                                                                                                         Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz
Раҳмонжон Мамадалиев олган суратлар.

--> -->