Ҳиндистонда велотрек бўйича катталар ва ўсмирлар ўртасида Осиё кубоги баҳслари бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, қитъамиз биринчилиги мусобақа иштирокчилари учун ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжумани – 2020 йили Токиода бошланадиган ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасига қимматли рейтинг очколарини тақдим этиши билан муҳим аҳамият касб этарди.

Айни шу сабабдан ҳам Осиёнинг турли мамлакатларидан келган спортчилар ўртасидаги велотрекнинг ҳар бири йўналишида кечган пойгалар қизғин рақобат тусида кечди.

Қувонарлиси шундаки, ўз олдига катта мақсадларни қўйган ва масъулиятни теран англаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мусобақа ғолиблиги ва “Токио-2020” рейтинг очколарини жамғариш йўлида маҳорат кўрсатиб, Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида ҳиндистонлик спортчилардан кейин фахрли иккинчи ўринни қўлга киритдилар. Мусобақада терма жамоамиз ғазнаси 4 та олтин ва 3 та кумуш медаллари билан бойиди.

Чемпионатда терма жамоамизнинг мусобақадаги охирги совринига халқаро тоифадаги спортчи, Наманган велоспорт мактаби тарбияланувчиси Дилмурод Сиддиқов муаллифлик қилди. Ҳамюртимиз омниум йўналишида “финиш” чизиғига иккинчи бўлиб етиб келиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Бу натижа спортчимизга Японияда бўлажак ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун 180 рейтинг очкосини ҳам тортиқ қилди.

Фурсатдан фойдаланиб, Дилмурод Сиддиқовга Токио шаҳри мезбонлик қилдаган Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритишини ҳамда келаси йилдаги катта мусобақада она Ватанимиз, Наманганимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишига тилак билдирамиз.

Оқилхон Дадабоев,

спорт шарҳловчиси.

© namangan24.uz

--> -->