2021 йилнинг 24 июль куни Япония пойтахти Токио шаҳрида, коронавирус пандемияси туфайли кечиктирилган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларига старт берилди.

8 август санасига қадар давом этадиган энг нуфузли спорт анжумани баҳсларида Ўзбекистон шарафини спортнинг 17 турида 67 нафар спортчи ҳимоя қилмоқда. Ҳамюртларимиз Токио ареналарида 71 та йўлланмада медаллар учун кураш олиб боришади.

Эътиборлиси ва аввалги Олимпия ўйинларидан фарқли ўлароқ, “Токио-2020” бутун жаҳон бўйлаб пандемия ҳали бартараф этилмагани сабабли спортчилар бўш трибуналар олдида чиқиш қилишади. Томошабинлар мусобақага қўйилмаётир.

Эътироф этиш жоиз, Японияга ташриф буюрган мамлакатимиз спорт делегацияси сафидан Наманган вилоятидан 6 нафар спортчи ўрин олган бўлиб, юнон-рум кураш тури бўйича Рустам Ассакалов, байдарка ва каноэда эшкак эшишда Дилноза Рахматова ва Нилуфар Зокирова, бокс бўйича Шаҳноза Юнусова, оғир атлетика баҳсларида Адҳамжон Эргашев, ўқ отишда Мухтасар Тоҳирова “Токио-2020”да иштирок этиш бахтига муяссар бўлдилар.

Вилоятимиз вакилларидан биринчи бўлиб, ёзги Олимпия ўйинларини иқтидорли мерган Мухтасар Тоҳирова бошлаб берди. Аёллар ўртасида 10 метр масофадан милтиқдан ўқ отишда Наманган шаҳри вакили олтита уринишда жами 622,2 очко тўплаган ҳолда 50 нафар иштирокчи орасида 33-поғонадан жой олди.

Қисқаси, бундай нуфузли мусобақада илк бор қатнашаётган Мухтасар учун “Токио-2020” чинакамига катта тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда. Унда барчамизни хушнуд этадиган натижа кўрсатишига яна битта имконият мавжуд. Японияга иккита лицензияси билан келган Мухтасар Тоҳирова 31 июль куни 50 метрдан ўқ отиш бўйича саралаш турнирида ҳам иштирок этади.

Олимпия ўйинларининг бокс мусобақасида иштирокини бошлаган Наманган давлат университети талабаси Шаҳноза Юнусова афсуски, илк жангдаёқ нуфузли мусобақани тарк этишга мажбур бўлди. 69 килограм вазнда кимсан, польшалик Европа чемпиони Каролина Кожевскага қарши рингга чиққан чортоқлик спортчи қиз тўлиқ уч раунд кечган беллашувда номдор рақибасига 0:5 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Осиё ва жаҳон чемпионатларида ғолиб чиқиб, катта тажриба тўплаган янгиқўрғонлик спортчи Адҳамжон Эргашевнинг XXXII ёзги Олимпия ўйинларидаги натижаси чакки бўлгани йўқ.

Мусобақада 67 килограм вазнда қатнашган Наманган давлат университети талабаси Адҳамжон Эргашев жами 312 кг. (139+173 кг.) тош кўтариб, “Токио-2020”ни олтинчи ўринда якунланди. Таассуфки, якуний чиқишда Адҳамжон 184 кг. тошни ўзига буйсундира олмади. Мазкур баҳсларда олтин медални хитойлик номдор спортчи ЛиюнЧен қўлга киритган бўлса, колумбиялик Лозано Маскуерага кумуш, италиялик Мико Заннига бронза медали насиб этди.

Японияда давом этаётган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида, аввалги мусобақалардан фарқли ўлароқ, халқаро спорт ареналарида илк кунларда Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига медаль ёзилди. Таэквондо бўйича баҳсларга киришган Ўзбекистон миллий университети талабаси Улуғбек Рашитов 68 килограм вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, Олимпия ўйинлари чемпионлигини қўлга киритиб, мамлакатимиз делегациясига “Токио-2020”даги илк олтин медални тақдим этиб берди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал, яъни 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган сўнгги ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини спортнинг 13 турида 70 та спортчи ҳимоя қилиб, жами 13 та медални қўлга киритган эди. Шундан 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медаль. Ўшанда вилоятимиз вакили сифатида борган Муроджон Аҳмадалиев бокс бўйича баҳсларда бронза медалга сазовор бўлганди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz ахборот-таҳлилий портали раҳбари.

--> -->