Айни кунларда Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати қизғин ва муросасиз курашлар остида давом этмоқда.

Бугун (2019 йил 25 апрель, пайшанба куни) нуфузли мусобақанинг ярим финал жанглари бўлиб ўтди.

Қайд этиш жоизки, қитъамиз биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Наманган вилоятининг уч нафар вакили Шукуржон Раҳимов, Фотима Турсунбоева ва Шаҳноза Юнусова юртимиз шаънини ҳимоя қилдилар.

60 килограм вазнда баҳсларга киришган Наманган давлат университети талабаси, халқаро тоифадаги спорт устаси Шукуржон Раҳимов мусобақанинг ярим финалига қадар бўлган жангларини ғалаба билан якунлаб, Осиё чемпионатининг бронза медалига муносиб кўрилди. Финал остонасидаги жангда ҳамюртимиз мўғулистонлик чарм қўлқоп устаси Тсендбаатар Ерденебатга ютқазиб қўйди. Шиддатли кечган уч раундлик жанг якунида Шукуржоннинг рақиби фақатгина очколар ҳисоби бўйича бироз устунликка эга бўлди. Шундай бўлса-да, мардонавор курашган Шукуржон Раҳимовни чемпионатда ғолиблар сафидан жой олгани билан табриклаймиз.

Маълумот ўрнида, Шукуржон Раҳимов мусобақа соврини йўлида рақиблари - КХДР вакили Ман Чо Чол, яманлик Аҳмад Насим Ҳуссайн, чорак финалда туркманистонлик Хурсанд Иманкулиевларни “тор-мор” этишга муваффақ бўлди. Дарвоқе, Шукуржон “Токио-2020” Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун рейтинг очколарини ҳам қўлга киритди.

Осиё чемпионатида 69 килограм вазнга эга бўлган аёллар ўртасидаги беллашувларда куч синашган боксчи қизимиз Шаҳноза Юнусова ҳам ярим финалгача мағлубиятсиз етиб келди. Совринли ўринларни эгаллаш илинжида тожикистонлик Нилуфар Бобоёрова, япониялик Макото Кикучи каби кучли рақибалари устидан ишончли ғалабага эришган Шаҳноза ярим финал жангида хитойлик Хонг Гуга очколар ҳисобига кўра, имкониятни бой бериб, бронза медали билан кифояланди.

Хотин-қизлар иштирокидаги жангларда рингга кўтарилган Фотимахон Турсунбоева мусобақани дастлабки баҳсдаёқ тўхтатишга мажбур бўлди. 48 кг. вазнда беллашган бу қизимиз вьетнамлик Нхи Нгуендан енгилди.

Шу ўринда, Осиё чемпионатида наманганлик спортчиларнинг муваффақиятли иштирокида вилоятда узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган таниқли мураббий, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози" Лочинбек Қўчқоровнинг муносиб ҳисса қўшганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

--> -->