Шу йилнинг 31 январь куни АҚШнинг Майами шаҳрида ўтказилган жангда америкалик Даниэл Романни енгиб, профессионал бокснинг иккита йўналишида чемпионлик камарини қўлга киритган Муроджон Аҳмадалиев Наманганга етиб келди.

Чустлик халқаро тоифадаги спорт устаси Наманганда муносиб кутиб олинди. Қамчиқ довонидаги вилоят рамзий дарвозасидан тортиб, Наманган шаҳрининг марказий кўчаларигача минглаб одамлар, хусусан ёшлар Муроджонни қарсаклар оғушида олқишладилар.

Наманган шаҳрининг Давлатобод даҳасида жойлашган вилоят маданият марказида чемпионни шарафлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилади.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Маткаримов шундай ўғлонни вояга етказган ота-онасига миннатдорлик билдириб, уларга Наманган вилояти ҳокимининг совғаси – “Дамас” автомобили калитини топширди.

Муроджоннинг ота-оналари Қаҳҳоржон ака ва Ойша опа сўзга чиқиб, юқори савияда ташкилланган кутиб олиш маросимлари, кўрсатилган эътибор ва эъзоз учун ташаккур изҳор этдилар.

Ўзига хос “Чемпион ва ёшлар учрашуви”га айланган тантанали тадбир жонли мулоқот руҳида кечди. Унда спортга иштиёманд ўғил-қизлар миллат қаҳрамони – “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Муроджон Аҳмадалиевдан ўзларини қизиқтирган барча саволларга бафуржа жавоб олдилар.

Тантанали тадбирда Наманган вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев иштирок этди.

Азизбек Абдувалиев,

Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Жаҳонгир Акрамов олган суратлар.

© namangan24.uz

--> -->