Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан маданият, спорт, журналистика ва ёшлар ҳаётида 2019 йил якунларига бағишланган Янги йил шоу-карнавали бўлди.

Унда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятининг моҳир спортчилари ҳамда “Токио-2020” ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчилари ва йўлланмаси даъвогарлари билан учрашди.

Қайд этиш жоизки, мамлакатни ҳеч бир соҳа спортчалик дунёга тез машҳур қила олмайди. Эътироф этиш жоизки, наманганлик спортчилар жорий йил давомида Ўзбекистон спорт делегациясининг халқаро ареналардаги салмоқли ғалабаларига муносиб ҳисса қўшдилар.

Наманганлик спортчилар 2019 йил давомида республика ва халқаро миқёсидаги мусобақаларда 1 минг 9 та олтин, 951 та кумуш, 1 минг 512 та бронза, жами 3 минг 472 та медални қўлга киритдилар. Бошқача айтганда, 2018 йилга нисбатан халқаро миқёсдаги мусобақаларда олинган медаллар 168 тага, республика миқёсидаги мусобақаларда эса 572 тага ортди.

Биргина, жорий йилнинг ўзида вилоятимиздан 20 нафар жаҳон чемпиони, 22 нафар Осиё чемпиони етишиб чиққанлиги рекорд кўрсаткич қайд этилгани ҳамда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ўз мевасини берганидан ёрқин далолат.

Қолаверса, бу ўз навбатида вилоятимиз спортчиларининг Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2019 йил Наманган йили бўлсин” деган чақириқларига лаббай дея, муносиб жавоб қайтаришгани, десак айни ҳақиқатдир.

Таъкидлаш жоизки, наманганлик спортчиларнинг 2020 йилда Япония пойтахти Токио шаҳри мезбонлик қиладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирокини таъминлаш масаласига вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Шокиржон Қорабоев бошчилигидаги вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2019 йилнинг ўзида Наманган вилояти спортчилари (Рустам Ассакалов, Нилуфар Зокирова, Дилноза Раҳматова, Нозимахон Қаюмова) томонидан Юнон рум кураши, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил атлетика турларидан “Токио-2020” ёзги Олимпия ўйинлари ва Паралимпия ўйинларига 5 та йўлланмани қўлга киритишга эришилди. Бу борадаги зафарли одим давом этмоқда.

Тантанали тадбирда вилоятимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда эришган салмоқли ютуқлари орқали Наманган нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, қолаверса вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки учун 50 дан зиёд спортчилар ва мураббийларга вилоят ҳокимининг Ташаккурномаси, қимматбаҳо совғалари топширилди.

Юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионати совриндори, “Токио-2020” Олимпия ўйинларида қатнашадиган Рустам Ассакаловга “Malibu” автомобили, унинг мураббийи Равшан Рузуковга “Jentra” автомобили, карате WKF бўйича Осиё чемпиони, “Токио-2020” ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси даъвогари Баҳринисо Бобоевага “Spark” автомобили совға қилинди.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионлари, Осиё ўйинлари ғолиблари, жаҳон чемпионати совриндорлари Нилуфар Зокирова ва Дилноза Раҳматовага Наманган шаҳридан хонадон ажратиш сертификатлари топширилди.

Оқилхон Дадабоев,

“Энг фаол спорт журналисти” республика танлови ғолиби.

© namangan24.uz

вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->