Бугун (2020 йил, 24 февраль) футбол бўйича Ўзбекистон XXVIII миллий чемпионати суперлигаси ўйинлари старти олдидан “Навбаҳор” клубининг янги мавсумдаги тақдимот маросими ўтказилди.

Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳи файесида ўтказилган тадбирда “Навбаҳор” мутасаддилари, мураббийлар, футболчилар, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жамул-жам бўлдилар.

Тақдимот аввалида севимли жамоамизнинг ўтмиши, шонли дамлари, ҳозиргача босиб ўтган йўлини ўзида акс эттирувчи ҳужжатли видеоролик намойиш этилди.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят футбол федерацияси раҳбари Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, футбол мухлисларини янги мавсум бошланиши билан табриклаб, Наманган вилояти учун муваффақиятли ва унутилмас натижаларга бой тарзда ўтишини тилади.

Ҳоким ўз сўзида вилоятимизда спортнинг оммавийлигини ошириш, шу жумладан, футбол, айниқса болалар футболини ривожлантириш борасида олиб борилаётган эътибор ўз натижасини бераётганлигини қайд этди. Футболга меҳр қўйган ёш навниҳоллар орасидан келгусида “Навбаҳор” жамоаси ва ўзбек футболининг нуфузини оширадиган юлдуз футболчилар етишиб чиқишига умид билдирди. “Навбаҳор” олдига бу йилги мавсумда мамлакат чемпионлиги ҳамда Осиё чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани қўлга киритиш вазифаси қўйилганлигини, бу эзгу мақсад йўлида ҳеч қачон ортга қайтмаслик кераклигини таъкидлади. Тақдимотга келган ишқибозларга юзланиб, мухлислик маданиятига оғишмай риоя қилиш, “Навбаҳор”ни доимий равишда қўллаб-қувватлашга чорлади.

Таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” жамоаси янги мавсумга муносиб ҳозирлик кўрди. “Лочинлар” тайёргарлик жараёнларини пойтахтимизда ва Туркияда олиб бордилар. Салкам бир ой давом этган Европа йиғини давомида етакчи жамоаларга қарши ўтказилган саккизта ўртоқлик учрашувида мураббийлар талабга мос келадиган футболчиларни синаб кўрдилар. Бунинг натижасида “Навбаҳор” жамоасига муносиб 25 нафар футболчи саралаб олинди.

Жамоага хорижий легионерлар ва бир қатор тажрибали футболчилар жалб этилиб, совринли ўринлар учун кураш олиб борадиган кучли таркиб шакллантирилди. Рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида “Лочинлар” сафига Ислом Рашидхонов, Хуршид Мухторов (“Насаф”), Жавлон Иброҳимов (“Сувон”, Жанубий Корея), Ислом Исоқжонов (“Металлург”), Тоҳир Шамсиддинов (“Бухоро”), Руслан Болов (“Гомель”, Беларусь), Забихилло Ўринбоев (“Токушима Вортис”, Япония), Сардор Теляков, Анвар Ҳожимирзаев (“Истиқлол”) каби моҳир ўйинчилар жалб қилинди.

Ўтган мавсумда Наманганда тўп сурган Ўткир Юсупов, Азимжон Аҳмедов, Иван Соловьёв, Ғиёсжон Комилов, Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Игорь Голбан, Аббос Ғуломов, Абдужамол Исроилов, Азизбек Турғунбоев, Амирбек Жўрабоев, Абдулҳай Исмоилов, Комил Тожиддинов сингари футболчилар билан тузилган шартнома муддатлари узайтирилди. Ёшлар жамоасида ўзларини кўрсатган Ислом Абдуллахонов, Шаҳзодбек Ҳамидов ва Ҳусайн Эргашбоевлар ҳам асосий таркибга киритилди.

Дарвоқе, жорий мавсумда “Навбаҳор” жамоаси аъзолари қизил ва оч ҳаво ранг рангли либосларда майдонга чиқадилар. Бунинг эса ўзига хос маъноси бор, яъни қизил ранг бизнинг вужудимизда оқиб турган қон ҳамда унинг ёрқинлиги сизу бизга куч бағишловчи жўшқинликдир. Оч ҳаво ранг эса мустақил Ватанимиз осмонининг мусаффолигини билдиради.

Маросимда 2019 йилда “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қиладиган футболчиларга ўз рақамлари ёзилган либослар берилди. Уни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов топширдилар.

Машҳур сўз устаси Искандар Ҳамроқулов ичакузди ҳангомалари билан тадбир иштирокчиларига завқу шавқ улашган бўлса, таниқли спорт шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидовнинг “Навбаҳор” ўзининг яхши раҳбарияти, мураббийлари, футболчилари ва мухлисларига эга. Шундай экан, энди чемпионлик учун дадил юриши керак”, деган сўзлари жамоа аъзоларини руҳлантириб юборди.  

“Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис, жамоа дарвозабони Ўткир Юсупов сўзга чиқиб, жамоа бу йил ўз олдига қўйилган юксак мақсадлар сари ҳужумкор футбол намойиш этиши, Ўзбекистоннинг энг яхши футбол ихлосмандлари бўлган наманганлик мухлислар ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилажакларини айтиб ўтишди.

Тақдимот якуни ҳам эсда қоларли кечди: мухлислар ўз севимлиларини “Навбаҳор” – чемпион!” дея хайқириқлар остида кузатдилар.

Маълумот ўрнида, “Навбаҳор” жамоаси суперлига баҳсларини 27 февраль, пайшанба куни Тошкентда Ўзбекистон чемпиони “Пахтакор” клубига қарши учрашув билан бошлайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->